19 декабрь куни Тошкентда Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний томонидан таъсис этилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистонга амалий ташриф буюрган Қатар Амири, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) вакиллари, 40 дан ортиқ давлат делегациялари ва янги халқаро мукофотнинг барча лауреатлари иштирок этди.
«Коррупцияга қарши курашдаги ютуқлар номинациясида Transparency International халқаро ташкилотининг собиқ раиси Хосе Карлос Угас Санчес Морено (Перу) совриндор бўлди.
«Таълим ва академик тадқиқотлар» номинациясида Сингапур Миллий университети собиқ профессори Джон Куа (Сингапур) ва Загреб университети профессори Сунчана Роксандич (Хорватия) ғолиб бўлди.
«Коррупцияга қарши курашишда ёшлар ижоди ва фаоллиги» учун мукофотлар Youth4IntegrityBuilding нодавлат ташкилотига (Кения) – директор Дамарис Асвега ҳамда All4Integrity нодавлат ташкилотига – асосчиси Андре Корреа Д’Альмейдега топширилди.
«Инновациялар ва журналистик суриштирувлар» номинациясида суриштирувчи мухбир Клэр Рюкасл-Браун (Буюк Британия) ва Буюк Британия Халқаро тараққиёт вазирлиги коррупцияга қарши курашиш бўлимининг собиқ раҳбари Фил Мейсон совриндор бўлди.
«Спортни коррупциядан ҳимоя қилиш» номинациясида мукофотларга журналист ва BBC бошловчиси Вайхига Мваура (Кения) ва Central European News ахборот агентлиги муҳаррири Шантану Гуха Рэй (Ҳиндистон) муносиб топилди.
«Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир соф виждонли инсоннинг, демократик жамият ва давлатнинг муқаддас бурчидир, — деди Шавкат Мирзиёев мукофотларни тақдирлаш маросимида.
Давлат раҳбари коррупция бутун инсониятга, барча жамиятлар асосига, иқтисодий тараққиётга зарба берадиган, қонун устуворлигини бузадиган ва халқнинг давлат сиёсатига ишончини кескин сусайтирадиган, демократик институтлар ривожига тўсқинлик қиладиган хатарли таҳдид эканини қайд этди.
Мирзиёев «демократик ислоҳотлар ортга қайтмас тус олган Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида ҳам катта режа ва вазифаларни ўз олдимизга қўйганмиз», деди. Ушбу мақсадларга эришиш учун:
👉Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилади;
👉 Ўзбекистон коррупцияга қарши курашдаги минтақавий ва глобал ташаббус ва янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди ва уларда фаол қатнашади;
👉 нодавлат нотижорат ташкилотларини фаол жалб этган ҳолда, ўзаро тажриба алмашиш ва мулоқотларни кучайтириш, илмий изланишлар олиб бориш мақсадида Коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот марказини ташкил этиш таклиф қилинади;
👉 Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хорижий турдош муассасалар билан яқин ҳамкорлиги кучайтирилади, бу унинг салоҳиятини янада оширади;
👉 Болаликдан «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланган янги авлодни камолга етказиш устувор вазифа сифатида қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти коррупцияга қарши курашиш бўйича журналистлар имкониятларидан унумли фойдаланиш ва улар таъсирини янада ошириш учун Глобал медиа форумни ўтказиш таклифини билдирди.
ℹ️ Ўзбекистон 2021 йили Халқаро Очиқ маълумотлар хартиясига аъзо бўлди. Республика Истанбул ҳаракатлар дастури, Глобал оператив тармоқ, Евроосиё ва Эгмонт гуруҳлари, бошқа кўплаб платформаларда самарали иштирок этиб келмоқда. Ғарбий ва Марказий Осиё давлатларининг активларни қайтариш тармоғининг Котибияти вазифасини бажармоқда. Тошкентда ҳар йили анъанага айланган коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро форум ўтказилади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Transparency International индексида 42 поғонага кўтарилди ва 2022 йилга келиб 126-ўринни эгаллади. Open Data Inventory рейтингида Ўзбекистон 30-ўринга кўтарилди, очиқ маълумотлар манбалари бўйича эса дунёда 4-ўриндан жой олган.