Россия президенти Владимир Путин Беларусь, Қозоғистон ва Молдова фуқароларига Россия фуқаролигини қабул қилишни соддалаштирувчи фармонни имзолади. Ҳужжат расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.
Фармонда мазкур учта давлатнинг лаёқатли ва 18 ёшга тўлган фуқаролари яшаш учун рухсатнома олган пайтдан бошлаб (қонун ҳужжатларида белгиланган муддат беш йил – таҳр. изоҳи) Россияда яшаш муддатини инобатга олмаган, мамлакат тарихи ва қонунчилик асослари бўйича имтиҳон топширмаган ҳолда Россия фуқаролигини олиш учун ариза беришлари мумкин.
Беларусь фуқаролари Россия фуқаролигини олиш учун ариза билан бирга яшаш учун рухсатнома ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишлари керак.
Қозоғистон ва Молдова фуқаролари рус тилини билишини тасдиқловчи сертификат тақдим этишлари керак бўлади.
Чет эл фуқароси рус тилини билишини тасдиқлаши мумкин бўлган ҳужжатлар орасида (39-банд): СССР даврида берилган таълим тўғрисидаги ҳужжат ёки унинг дубликати; Россия ва бошқа давлат тасарруфидаги ташкилот томонидан берилган таълим тўғрисидаги ҳужжат; рус тили давлат тили ҳисобланган мамлакатдан таълим тўғрисидаги ҳужжат; Таълим ва фан вазирлигининг буйруғи билан тегишли имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган ташкилот томонидан берилган сертификат кўрсатилган.
2022 йил 30 сентябрда РФ президенти имзолаган фармонга кўра, Украинада махсус ҳарбий операция давомида Россия қуролли кучларида бир йил ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузган чет элликларга соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олиш ҳуқуқи берилди. Бундан ташқари, бундай шахсларнинг турмуш ўртоқлари, ота-оналари ва фарзандлари фуқароликни соддалаштирилган тартибда оладилар.
Бу ҳуқуқдан, хабар қилинганидек, Бердскда (Новосибирск вилояти) истиқомат қилган қозоғистонлик эр-хотин Павел ва Вероника Конторбаевлар фойдаланиб қолган. Собиқ Қозоғистон фуқароси Россия қуролли кучларида хизмат қилишга доир шартнома имзолаган ва Украина ҳудудида махсус ҳарбий операцияда қатнашган (шу билан бирга, Қозоғистон расмийлари бундан олдин Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган фуқароларни ўз ватанида ёлланганлик учун жиноий жавобгарлик кутаётгани борасида бир неча бор огоҳлантирган).