Ўзбекистон Рақамли тараққиёт вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги («Ўзбеккосмос») Афғонистонда қурилаётган Қўштепа каналида авария юз бергани ҳақида интернетда тарқалган маълумотни рад этди. Ўзбекистонлик экспертларнинг фикрича, яқин атрофдаги сув тошқинига ер ости сувлари сабаб бўлган, дейилади агентлик сайтида.
Эслатиб ўтамиз, 12 декабрь куни «Чегара билмас дарёлар» экологик коалицияси мутахассислари Қўштепа каналининг коинотдан олинган суратларини ўрганиб, объектга шикаст етган деган хулосасини маълум қилганди. Мутахассисларнинг фикрича, гидротехник иншоотларнинг деворлари Амударёдан келаётган сув босимига бардош бера олмай, узунлиги тахминан тўққиз километрга чўзилган жойдан сув тошган. Қолаверса, сув босган ҳудуд тобора ортиб бораётгани сабаб Афғонистон ҳукуматида вазиятни тўғрилашга имкон ҳам, истак ҳам йўқлиги таъкидланган.
14 декабрь куни бу хабарга «Ўзбеккосмос»да изоҳ берилди. Агентлик ходимлари Қўштепа ирригация канали қурилишини 2021 йилнинг май ойидан, яъни афғонлар эндигина ишга тушганидан буён кузатиб келаётганини маълум қилган. Уларнинг сўзларига кўра, тадқиқот «турли фазовий ўлчамдаги кўп спектрли сунъий йўлдош тасвирларини ретроспектив таҳлил қилиш» асосида олиб борилмоқда.
Объектни қуриш жараёнида каналнинг бир неча участкаларига сунъий тўсиқлар ўрнатилиб, 10 октабр куни қурилишнинг биринчи босқичи якунланганидан сўнг улар олиб ташланган. Бу яқин атрофдаги ҳудудларга сув тошишига олиб келган. Бундан ташқари, «Ўзбеккосмос» маълум қилишича, 5 ноябрь куни сув босган ҳудуднинг майдони 19,5 квадрат километрни, 25 ноябрда 23,8 квадрат километрни, 13 декабрда эса 30,3 квадрат километрни ташкил этган. Бироқ, бу ерда ер ости сувлари ҳақида гап бормоқда, унинг даражасини назорат қилиш учун сув мақсадли равишда очиқ майдонга йўналтирилган. Канал қурилишига масъул бўлган афғон муҳандислари ҳам объект гидротехника иншоотларида авария юз бергани ҳақидаги маълумотни рад этишган.
Шу билан бирга, ўзбекистонлик мутахассислар томонидан сунъий йўлдошдан олинган суратлар таҳлили шуни кўрсатадики, бу ҳудудда махсус техникалар қўлланилган ҳар қандай қазиш ишлари аниқланмаган. Бинобарин, ер ости сувлари очиқ майдонни назоратсиз равишда тўлдирган. Аммо энди улар чекинишни бошлаган ва канал туби аста-секин қуриб бормоқда, дея қўшимча қилади агентлик.
««Чегара билмас дарёлар» халқаро экологик коалицияси экспертларининг Қўштепа канали қирғоғи Амударёдан олинаётган сув оқими натижасида ювиб кетилганлиги тўғрисидаги маълумотлари ҳақиқатга мос келмайди, сизиб чиққан сув – сизот сувлари эканлиги тасдиқланди», — дейилади «Ўзбеккосмос» хулосасида.
12 октабрь куни Афғонистон шимолидаги Балх вилоятида Ўзбекистон билан чегарада жойлашган Қўштепа каналининг биринчи қисмини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтгани хабар қилинганди. «Толибон»* ҳаракати вакилининг таъкидлашича, объектнинг ишга туширилиши мамлакатда сув ресурсларини бошқариш учун зарур.
Қўшниларнинг хатти-ҳаракати Ўзбекистонда хавотир уйғотмоқда, улар Қўштепа минтақада қўшимча сув танқислигини келтириб чиқариши мумкин. Шу муносабат билан Республика Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра Амударё ресурсларидан фойдаланиш бўйича толиблар билан музокаралар олиб бориш учун ҳукумат делегациясини шакллантиришга қарор қилинди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).