Жанубий Корея университети йигирма нафар ўзбекистонлик талабани алдов йўли билан юртига қайтариб юборган

Ўзбек талабалари 27 ноябрь куни Инчхон халқаро аэропортига олиб кетилмоқда. Хансин университети видеосидан кадр

Жанубий Корея шимоли-ғарбидаги Кёнгидо провинциясидаги Хансин университети семестр ўрталарида ўзбекистонлик 22 талаба мажбуран уйларига жўнатилгани билан боғлиқ жанжал марказида қолди. Бу ҳақда Hankyoreh нашри хабар беради.

Университет талабалар қайтиш рейсига ўз ихтиёри билан ўтирганини билдирган, бироқ ўзбекистонликлар нашрга уларни алдов йўли билан мамлакатдан чиқариб юборишганини айтишган.

Хансин университети қошидаги корейс тили институтида 23 нафар Ўзбекистон фуқароси таҳсил олган. 28 ноябрь куни эрталаб ўқув даргоҳи уларга чет эл фуқароларининг рўйхатга олиш карталарини олиш учун иммиграция идорасига ташриф буюриши кераклигини маълум қилган. Талабалар автобусга ўтқазилган ва йўлда шахсий қўриқчиларни олиб, Сеулдаги Инчхон халқаро аэропортига олиб боришган. Институт ходимлари ва қўриқчилар талабаларни Ўзбекистонга олдиндан буюртма қилинган рейсга ўтқазишган. Соғлиғи туфайли ёрдам сўраган Ўзбекистон фуқароси бундан мустасно бўлган. Қолганлари ватанига учиб кетишган.

Ўқишдан ҳайдалган талабаларга кўра, улар Ўзбекистонга депортация қилингани ҳақида аэропортга кетаётганда маълум қилинган. Университет ходимлари баъзи Ўзбекистон фуқароларининг ҳужжатларида муаммолар борлиги, агар улар ҳозир иммиграция хизматига келса, қамоққа олинишини тушунтиришган. Шунинг учун, виза муддати тугашидан олдин улар кейинроқ Кореяга қайтишлари учун учиб кетишлари керак бўлган. Университет ходимлари қўриқчилар ёрдамида талабаларнинг мобил телефонларини тортиб олишган.

«Ўша куни университет тил курсларида ўқиётган барча ўзбекистонликларни иммиграция ҳужжатларини тақдим этмагани, ётоқхонадан рухсатсиз чиқиб кетгани, курс ишларига ёмон муносабатда бўлгани ва университет қадриятларига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатлар қилгани учун ўқишдан ҳайдаган», — деб ёзади Hankyoreh.

Хансин университети нашрга хабар беришича, ноябрь ойида иммиграция хизмати талабалардан банк баланси кўчирмаларини сўраган ва кўпчилик талабаларнинг мамлакатда яшаш шартларига риоя қилмаётгани маълум бўлган. «Агар бу ҳақда уларга айтсак, улар қочиб, ноқонуний муҳожир бўлиб юришидан қўрқдик. Бунда таълим муассасаси келажакда чет эллик талабаларни жалб қилишда ноқулай аҳволга тушиб қолиши мумкин эди», — деб тушунтирган университет.

«Мактаб, эҳтимол, агар ўқувчилари мамлакатда ноқонуний бўлганлиги аниқланса, жаримага тортилишидан хавотирда бўлган. Бироқ, таълим муассасалари чет эллик талабаларни депортация қилиш ҳуқуқига эга эмас. Иммиграция идорасининг вазифаси талабаларни ўқишдан ҳайдалган ёки виза муддати тугаган пайтда ихтиёрий равишга ватанига қайтишлари борасида маслаҳат бериш ёки огоҳлантиришдан иборат», — дея шарҳ беради Чо Ён Кван, Кореяда мигрантлар ҳуқуқлари ва таълим борасида юридик кўмак берувчи Friend мигрантлар маркази раҳбари.

Hankyoreh «Халқаро талаба визаси ва қолишни бошқариш бўйича қўлланма»дан кўчирма келтирган бўлиб, унда тил бўйича ўқишга кирган чет эл фуқароларининг банк ҳисобларида 10 миллион вон (7600 доллар) бўлиши керак, бу маблағлар уч ой ёки ундан кўпроқ муддат давомида сақланиши керак.

Маълум бўлишича, қабул кампанияси чоғида Хансин университети чет эллик талабаларга керакли балансни фақат бир кун сақлаш лозимлигини маълум қилган. Шунга кўра, кўплаб талабалар Жанубий Кореяга келганидан сўнг омонатга қўйилган маблағларнинг бир қисмини ечиб олишган ва сарфлашган. Баланс аслида камида уч ой сақланиши кераклиги тўғрисида хабардор қилинганидан сўнг, университет талабаларни ноқонуний мусофирлар сифатида таснифланиши мумкинлигидан қўрқиб, уларни депортация қилишга шошилган. Университет Адлия вазирлиги пулни сақлаш муддати ҳақида нотўғри маълумот берганини даъво қилмоқда.

Ўзбекистонлик талабаларга кўра, улар ҳатто ётоқхонадан нарсаларни олишга ҳам рухсат берилмаган ҳолда Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлишган.

Кейинчалик Хансин университети, агар улар Жанубий Кореяни ўз ихтиёри билан тарк этганликларини ёзма равишда тасдиқласалар, қолган муддат учун ўқиш тўловларини қайтариб беришларини маълум қилган.

Маҳаллий полиция университетга нисбатан текширув бошлаган.

Айни вақтда Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси Хансин университети раҳбарияти билан вазиятни муҳокама қилиб, талабалар Жанубий Кореяда қолиш ва университетда ўқиш қоидаларини бузганини маълум қилади. Хусусан, улар университетнинг ички талабларига риоя қилмай, ноқонуний ишлаб, дарсларни қолдиришган. Ноябрь ойи ўрталарида 8 нафар талаба ноқонуний ишдан қайтаётганда автоҳалокатга учраган. Бу воқеа Корея матбуоти ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Жабрланган талабаларнинг тиббий суғуртаси бўлмаган, уларни текшириш ва даволаш учун барча харажатлар университет томонидан қопланган.

«Кореяда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (ИД карта) олишга улгурмасдан бу каби ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни амалга оширгани учун Пёнгтек шаҳар Иммиграция хизмати тақдимномасига кўра университет раҳбарияти талабаларни университетдан четлатиш бўйича қарор қабул қилга», — дейилади Ўзбекистон элчихонаси хабарида. Дипмиссия ҳайдалган талабаларнинг барчаси ёки маълум қисми ноқонуний ҳаракатлар қилганига аниқлик киритмаган.

«Ўзбекистонлик талабаларнинг бундай ҳатти-ҳаракатлари Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси томонидан Ўзбекистон фуқароларига виза бериш тартибини мураккаблаштириб, ўзбекистонлик талабаларнинг Корея оилй таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнини қийинлаштириши мумкин», — дея огоҳлантиради дипмиссия.

Элчихона Корея Республикаси ҳудудида таҳсил олаётган, ишлаётган ва вақтинчалик истиқомат қилаётган ватандошларни яшаш қоидаларига қатъий риоя қилишга ва ноқонуний фаолият билан шуғулланмасликка чақиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ