Тошкентлик тадбиркор Салим Абдувалиевга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди

Салим Абдувалиев. kursiv.media сайти фотосурати

«Салимбой» ёки «Салимбойвачча» номи билан танилган тошкентлик тадбиркор Салим Абдувалиев жиноий иш бўйича терговга қадар ҳибсга олинди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».

Декабрь ойи бошида ҳибсга олинган тадбиркорнинг панжара ортида экани, бу ҳақда аввал хабар қилинмагани билан бир қаторда ИИББ вакили Абдувалиевга қўйилган айбловлар тоифаси ўзгартирилганига аниқлик киритди.

Дастлаб тадбиркор Ўзбекистон Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми («Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, ўқотар қуролларнинг асосий қисмлари, портловчи моддалар ёки портловчи қурилмаларни ноқонуний муомала қилиш») да назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинган. Бунинг учун Абдувалиев энг камида жаримага тортилиши, кўпи билан беш йилгача қамоқ жазосига дучор бўлиши мумкин эди. Энди у қонунни такроран ёки хавфли рецидивист сифатида бузганликка доир худди шу модданинг 2-қисми билан айбланмоқда. Бу ҳолатда жазо беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан белгиланади.

«Тезкор тадбирлар давомида ушбу шахс қонунга хилоф равишда қурол сақлаётгани ҳақида маълумот олдик. Шу асосида тинтув ўтказдик ва ҳақиқатан ҳам уйда ноқонуний қурол сақланганини аниқладик. Ўрнатилган тартибда ҳужжатларни терговга тақдим этдик», — деди Тошхўжаев.

Бундан ташқари, пойтахт ИИБ бошлиғи ўринбосари тошкентлик яна бир таниқли тадбиркор Ғофур Раҳимов ҳақида маълумот берди. Ҳуқуқ-тартибот органи ходимининг сўзларига кўра, тадбиркор Ғофур Раҳимовга нисбатан жиноий иш қўзғатилмаган ва қидирувга берилмаган.

Дониёр Тошхўжаевнинг қўшимча қилишича,

Тошкентда криминал авторитетларга қарши рейдлар йиллар давомида тайёрланган алоҳида кампаниядир.

73 ёшли Салим Абдувалиевнинг ҳибсга олингани ўтган ҳафта маълум бўлганди. Аниқлик киритилишича, тадбиркор ўқотар қуролларни ноқонуний сақлашда гумон қилинмоқда.

Декабрь ойи бошида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси фуқароларни шаҳарда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилган тезкор профилактика чоралари кўрилаётгани ҳақида огоҳлантирган эди. Бунинг ортидан криминал авторитетларнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Улар орасида «Сайидазиз медгородок» лақабли Саидазиз Саидалиев, шунингдек, «Бахти Ташкентский» номи билан танилган Бахтиёр Қудратиллаевлар ҳам бор эди.

Кейинроқ пойтахт ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари яна ўн киши ҳибсга олинганини маълум қилди. Уларнинг барчаси товламачилик ёки безорилик моддалари бўйича жиноятларда гумонланувчи сифатида жалб қилинган.

Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятларида кўча жиноий гуруҳлари раҳбарлари ва «криминал авторитетлар»ни ҳибсга олиш бўйича рейдлар ўтказилмоқда. Фарғона, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида кўплаб шахслар ҳибсга олингани маълум. Қашқадарё вилоятида ўтказилган махсус тадбирлар давомида 600 нафардан ортиқ, жумладан, майда безорилик, оилавий зўравонлик ва жамоат жойларида спиртли ичимликлар истеъмол қилишда гумон қилинган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.

ℹ️ Салим Абдувалиев — постсовет ҳудудидаги энг машҳур меценат ва филантроплардан бири ҳисобланади. У жиноят оламининг вакили саналади, жумладан, бир неча йил аввал АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси ўзининг дипломатик ёзишмаларида уни «ўзбек мафиясининг бошлиғи» деб атаган. Тадбиркор 1997 йилдан буён Ўзбекистон кураш ассоциациясига раҳбарлик қилиб келади. Абдувалиев 2015 йили «Дўстлик» ордени билан тақдирланган бўлса, 2021 йили «Хизмат кўрсатган спорт мураббийи» унвонига сазовор бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ