Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион доллар миқдорида кредитлар ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар берди.
«Жаҳон банкининг янги операцияси ҳукуматнинг асосий устуворликларини, жумладан, қишлоқ хўжалиги, темир йўл, кимё ва энергетика каби муҳим тармоқларда давлат ҳукмронлигини камайтиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Тегишли чора-тадбирлар хусусий секторнинг ушбу тармоқларни ривожлантиришда янада фаол иштирок этишига имкон беради. Шунингдек, ушбу операция аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтириш ҳамда иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради», — дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.
Банк кредитларни «махсус имтиёзли шартлар асосида» – халқаро молия бозорларида мавжуд вариантларга нисбатан пастроқ фоиз ставкасида ва узоқроқ муддатга беради. Шу билан бирга, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ) томонидан 300 миллион доллар, Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) томонидан 500 миллион доллар миқдорида учта кредит ажратилади.
Жаҳон банки матбуот хизмати ажратилган маблағлар ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва зарур чора-тадбирларни амалга ошириш учун йўналтириладиган иқтисодиёт тармоқларини санаб ўтди:
👉 энергетика: энергия бозорининг мустақил регуляторини яратиш ва энергия тарифларини ислоҳ қилиш;
👉 темир йўл сектори: йўловчи ва юк ташиш нархларини шакллантириш тизимини модернизация қилиш, шунингдек, рақобатни рағбатлантириш ва соҳанинг институционал механизмларини такомиллаштириш;
👉 кимё саноати: институционал ислоҳотлар учун асос яратиш ва кимё корхонаси – «Фарғонаазот» АЖни хусусийлаштириш;
👉 қишлоқ хўжалиги: қишлоқ хўжалиги экинларини диверсификация қилиш ва ҳосилдорликни ошириш мақсадида уларни жойлаштириш механизмларини либераллаштириш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишда фермерларга кўмаклашиш;
👉 давлат фискал мажбуриятларини бошқариш: Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаларидан келиб чиқадиган фискал мажбуриятларни бошқариш ва тартибга солиш соҳасидаги салоҳиятини ривожлантириш;
👉 ижтимоий ҳимоя: Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигини ташкил этиш;
👉 аёлларни таъқиб ва зўравонликдан ҳимоя қилиш: оиладаги (маиший) зўравонлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш ва аёлларни жисмоний, жинсий, иқтисодий ва руҳий зўравонликдан ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш;
👉 аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун бепул юридик ёрдам — одилсудлов тизимидан тенг фойдаланишни таъминлаш.
👉 иқлим ўзгаришига мослашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш: кенг кўламли иқлим ва экологик давлат дастурларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги салоҳияти ва ваколатларини кучайтириш, шунингдек, ҳаво сифатини назорат қилиш механизмларини такомиллаштириш;
👉 «яшил» иқтисодиётга ўтиш: миллий «яшил» таксономияни ишлаб чиқиш – «яшил» (экологик тоза) фаолият ва «яшил» иқтисодиётни ривожлантиришга инвестицияларни таснифлаш тизими. Ушбу ташаббуснинг мақсади иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг иқтисодиёт учун оқибатларини юмшатиш учун зарур бўлган чора-тадбирларни кўриш, заҳарли моддаларни атмосферага чиқарилишининг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш ва «яшил» лойиҳаларга инвестицияларни жалб қилишдан иборат.
ℹ️ Ўзбекистон 1992–1993 йиллари Жаҳон банки гуруҳи ташкилотига аъзо бўлган. 2017 йили мамлакат президенти ўзгарганида Жаҳон банки Ўзбекистонга молиявий ва таҳлилий ёрдамни сезиларли даражада оширди. Бугунги кунда республика Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги учинчи йирик мижози ва ушбу минтақада ХТА томонидан энг кўп молиялаштирган мамлакат ҳисобланади.
2023 йил 1 октабр ҳолатига кўра, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги дастури умумий қиймати қарийб 5,22 миллиард доллар бўлган 25 та лойиҳадан иборат бўлиб, лойиҳалар ХТТБнинг 2,04 миллиард долларлик кредитлари ва 3,18 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги ХТАнинг имтиёзли кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади.