Ўтган йил январь ойида етти ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган тошкентлик блогер Фозилхўжа Орифхўжаев озодликка чиқди. Бу ҳақда «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ва маҳкумнинг яқинларига таяниб, «Газета.уз» хабар берди.
Манбаларга кўра, Навоий вилоятидаги колонияда жазо ўтаётган Орифхўжаевнинг қамоқ жазоси маошининг бир қисми давлат фойдасига ушлаб қолинган ҳолда шартли жазо билан алмаштирилди. У пробация хизмати ходимлари назоратида бўлади, яъни ҳар қандай қоидабузарлик учун у яна колонияга қайтарилиши мумкин, дея таъкидлади унинг қариндошлари.
ℹ️ 41 ёшли Фозилхўжа Орифхўжаев 2021 йил 28 июнь куни ҳукуматпараст блогер Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Али номи билан машҳур) билан бир неча йил давом етган можародан сўнг ҳибсга олинган эди. «Газета.уз»нинг ёзишича, Орифхўжаев бир неча бор давлат хизматчиларини, ҳукуматнинг диний соҳадаги сиёсатини, шунингдек айрим масжидлар имомларини танқид қилган.
2021 йилнинг 26 июнь куни Орифходжаев Олмазор туманида жойлашган «Тўхтабой» жоме масжидига бориб, диний блогер Аброр Абдуазимов маъруза қилаётган вақтда уни «мунофиқ» деб атаган. Шундан сўнг, Орифхўжаев қўлга олиниб, телефонидан маҳрум қилинган, майда безориликда айбланиб, 15 суткага ҳибсга олинган.
Ҳибснинг сўнгги куни блогернинг адвокати Сергей Майоровга ҳимоячисидаги шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълум қилинган: Орифхўжаевнинг телефонида Facebookдаги пост топилган ва унда у мусулмонлар учун бошқа дин вакилларини диний байрамлари билан табриклаш қанчалик ўринли эканини муҳокама қилган. Постни таҳлил қилган ҳукумат эксперти унинг мазмуни «оммавий ваҳима уйғотиши» ва «диний фундаментализм»га олиб келиши мумкин деган хулосага келган.
Майоровнинг сўзларига кўра, унинг ҳимояси остидаги шахс тергов изоляторида жисмоний ва руҳий қийноқларга солинган. Орифхўжаевнинг қариндошлари унинг соғлиғи сезиларли даражада ёмонлашгани ва у бир неча бор ҳушини йўқотганини маълум қилишган.
Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти блогерни ҳимоя қилиб, Ўзбекистон ҳукуматини Орифхўжаевни зудлик билан ҳибсдан озод қилишга чақирди. «Facebook да эълон қилинган мусулмон бошқа эътиқод вакилларини уларнинг диний байрамлари билан табриклаши мумкин ёки йўқлиги ҳақидаги пост айримлар учун баҳсли бўлиши мумкин, лекин бу сўзсиз жиноят ҳисобланмайди. Бундан ташқари, инсон ҳуқуқи соҳасида сўз [эркинлиги] халқаро нормалар билан ҳимояланган», — дейилади HRW баёнотида.
2022 йил январь ойида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор тумани суди Орифхўжаевни Ўзбекистон ЖК 244-1-модда 3-қисми «г» банди («жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш») билан айбдор деб топиб, уни етти ярим йилга озодликдан маҳрум этган.