2023 йил бошидан буён Ўзбекистонда 26 та ноқонуний майнинг-фермаси фаолият юритаётгани аниқланган. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Назорат маҳкамаси маълумотларига кўра, майнерлар фаолияти натижасида 29 миллион кВт/соат электр энергияси ўғирланган, бу 145 минг хонадоннинг ойлик истеъмолига тенг.
Давлатга етказилган зарар 58,2 миллиард сўм (4,7 миллион доллар) миқдорида баҳоланмоқда.
29 нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 169-моддаси («Ўғирлик») билан жиноят иши қўзғатилган. Улар 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Бош прокуратура майнинг фаолияти билан ноқонуний шуғулланиб энергия ресурсларини жуда кўп миқдорда талон — торож қилиш Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзатилишига ҳамда саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишига сабаб бўлишидан огоҳлантирди.
Майнинг учун ягона электр энергетика тизимига уланган ҳолда энергиядан фойдаланилган тақдирда, тўловлар белгиланган тарифга нисбатан 2 баравар ўсувчи коэффициентга мувофиқ тўланади. Тармоққа ноқонуний уланишда эса 5 баравар ўсувчи тариф бўйича тўлаш талаб қилинади.
Яна шуни қўшимча қилиш лозим, тиғиз даврда истеъмол қилинган электр энергияси учун тегишли тарифларга Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган устамалар қўлланилади.
ℹ️ Майнинг-фермаси — бу қуввати рақамли тангаларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган қурилмалар тўпламидир. Ҳозирги вақтда рақамли валюта ишлаб чиқаришга йўналтирилган ҳар қандай электрон механизм майнинг-фермаси деб аталади.