Самарқанд вилояти ҳокими шифокорларни огоҳлантирди

norma.uz сайти фотосурати

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов беморларга рецептларида республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги стандартларида кўзда тутилмаган дори-дармонларни ёзиб берган шифокорларни ишдан бўшатиш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда у мутасадди шифокорлар ва фармацевтика бизнеси вакиллари билан учрашувда маълум қилди, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Турдимов вилоят Адлия бошқармасига шифокорларга тегишли талабларни ишлаб чиқиш, клиникалар, жумладан, хусусий клиникалар раҳбариятига эса ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларига ушбу бандни киритиш бўйича топшириқ берди.

Самарқанд вилояти раҳбари фуқароларга қимматроқ ва хориждан келтирилган дори воситаларидан фойдаланишни таклиф қилаётган шифокорларни қаттиқ танқид қилди. У бундай мутахассисларни «аҳоли чўнтагидан пулни шимарадиган» «виждонсизлар» деб атади.

Ҳокимнинг сўзларига кўра,

замонавий тиббиёт — бу глобал бизнес лойиҳаси бўлиб, унда асосий нарса беморларнинг саломатлиги эмас, балки иложи борича кўпроқ «шубҳали дорилар» ни «тиқиштириш» истагидир.

«Одамлар саломатлиги бизнесга айланган. <…> Шифокорлар ўзларининг таниш дорихоналари орқали дори-дармонларни умуман стандартларга риоя қилмасдан ёзиб беришади», — дейди Турдимов.

Унинг қўшимча қилишича, текин дори воситалари бўлишига қарамай, шифокорлар беморларни дорихоналардан айнан ўша дори-дармонларни сотиб олишга юбораётгани ҳақида очиқ-ойдин маълумотлар олинмоқда. Шу билан бирга, ҳокимнинг фикрича, чакана савдо шохобчалари кириш жойида мавжуд маҳсулотлар: нима бор, қайси маҳсулотлар бюджетга тегишли ва рецепт билан бепул берилади, қайсиларини сотиб олиш кераклиги ҳақида рўйхатларни тақдим қилиниши керак.

Турдимов шифокорлар кўпинча хорижда ишлаб чиқарилган дори воситаларини «реклама» қилаётганидан ҳам норозилигини билдирди. Ҳокимнинг сўзларига кўра, сўнгги етти йилда биргина Самарқанднинг ўзи хориждан 482 миллион долларлик дори-дармон сотиб олган. Мулозим шу тариқа Ўзбекистон вилояти бошқа давлатларни иш билан таъминлаб, уларнинг бюджетини тўлдираётганини таъкидлади.

Ҳокимлик матбуот хизмати маълумотига кўра, вилоятда 19 та фармацевтика корхонаси мавжуд бўлиб, уларда 200 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиб, сифати хориждан келтирилаётган аналоглардан асло қолишмайди.

«Масалан, Самарқандда ишлаб чиқарилаётган «Нимесил» Германиядан келтирилаётган шу номдаги дори билан, мамлакатда ишлаб чиқарилган «Метронидазол» таблеткаси эса Беларусда харид қилинган дори билан бемалол рақобатлаша олади. Бундан ташқари, маҳаллий аналоглар анча арзон, аммо шунга қарамай, бугунги кунда вилоятга йилига 200 миллиард сўмлик (16,2 миллион доллар) 865 турдаги дори воситалари импорт қилинмоқда», — дея аниқлик киритади ҳокимлик.

Маълум бўлишича, ўзбек тиббиётида маълум брендлар учун лоббичилик амалиёти йўлга қўйилган. Шу тариқа, жорий йилнинг октабрь ойида Док-1 Макс йўтал сиропини ишлаб чиқарувчи ҳиндистонликлар, шунингдек, унинг маҳаллий дистрибюторлари дори воситаларини бозорга чиқариш учун шифокор ва фармацевтларга катта миқдорда пул тўлагани маълум бўлди.

ℹ️ 2022 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида Ўзбекистонда 19 та ўлим ҳолати қайд этилган бўлиб, бунга Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Док-1 Макс препаратини қабул қилиш сабаб бўлган. Барча қурбонлар олти ёшгача бўлган болалар бўлган. 7 январь куни юқорида тилга олинган сиропни қабул қилган яна бир бола вафот этгани маълум бўлди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, мамлакат ҳудудида тарқатилаётган мазкур дори-дармонлар партиясида этилен гликоль топилган. Жорий йилнинг август ойида мазкур иш бўйича суд жараёни бошланиши арафасида Олий суд республика бўйича 65 нафар бола юқорида қайд этилган дори воситаларидан вафот этганини эълон қилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ