Бишкекнинг «Дордой» бозорида мулозимга ҳужум қилган намойишчи қўлга олинди

sputnik.kg сайти фотосурати

Бишкек полицияси 30 ноябрь куни «Дордой» бозоридаги митинг чоғида республика ҳукумат аппарати ходимини уриб юборган савдогарлардан бирини қўлга олди. Гумонланувчига нисбатан безорилик моддаси бўйича иш қўзғатилиб, у вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди, деб хабар беради 24.kg нашри Қирғизистон пойтахти Свердловск тумани Ички ишлар бошқармасига таяниб.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда тадбиркорларнинг норозилик намойиши видеоси тарқалган ва унда номаълум шахслар бир эркакка тан жароҳати етказаётгани акс этган.

Kaktus.mediaнинг ёзишича, дастлабки маълумотларга кўра, жабрланган республика Бош вазири Оқилбек Жапаровнинг ёрдамчиси ёки маслаҳатчиси Урмат Тўқтомуржаев бўлган.

Ижтимоий тармоқларда полиция «Дордой» бозорида норозилик билдирган 70 га яқин савдогарни ҳибсга олгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Бундан ташқари, митинг тугаганидан кейин кўпчилик уйларидан олиб кетилган. Бироқ, хавфсизлик кучлари бу маълумотни тасдиқламаган.

Айни пайтда пойтахтда норозилик намойишлари давом этмоқда. 1 декабрь куни Оламедин бозори ишчилари норозилик намойишига чиқишди. Шунингдек, улар ўзлари фаолият юритаётган ва солиқ тўлайдиган патент тизимини бекор қилмаслик, мижозларга тўловларни амалга оширишда назорат-касса машиналаридан (НКМ) мажбурий фойдаланишни бекор қилишни талаб қилишмоқда. Қайд этилишича, намойишчиларга Бишкекнинг бошқа бозорлари ва савдо мажмуалари – «Таатан», «Азиз», «Чинар» сотувчилари ҳам қўшилган. Талас, Қора-Балта ва Қоракўл шаҳарларида ҳам шундай намойишлар ўтказилмоқда.

Расмийлар намойишчиларни «муаммони ҳал қиламиз», деб ишонтирмоқда ва Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров, уларга кўра, Буюк Британиядан иш сафаридан қайтгач, фаоллар билан учрашади.

Эслатиб ўтамиз, 29 ноябрь куни Қора-Сув шаҳридаги «Тўратали эл бозори» савдо мажмуаси ходимлари норозилик билдиришган эди. Улар билан учрашиш учун Солиқ хизмати вакиллари келиб, йиғилганларга назорат-касса машиналаридан мажбурий фойдаланиш қоидаси уларга таъсир қилмаслигини тушунтирган.

«Солиқ қонунчилигига мувофиқ, стратегик объектга киритилган бозорларда фаолият юритувчи тадбиркорлар алоҳида солиқ режимида фаолият юритиши мумкин. Айни пайтда «Дордой” ва “Тўратали эл бозори» бозорлари стратегик объектлар ҳисобланади. 2024 йил 1 январдан бошлаб стратегик объектларга киритилган бозорларда фаолият юритаётганлар махсус режим зонаси доирасида товарларни сотишда назорат-касса машиналари, ЭҲФ ва ЭТТВдан фойдаланишдан озод этилади», — дейилади солиқ идораси хабарида.

ℹ️ Бир неча йилдан буён республика мутасаддилари савдогарларни назорат-касса машиналари (НКМ), электрон ҳисоб фактуралари (ЭҲФ) ва электрон товар транспорт варақалардан (ЭТТВ) фойдаланишга чақириб келади. Тадбиркорлар янгиликка салбий муносабат билдиришмоқда – бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.

Бундан ташқари, 2024 йил 1 январидан Қирғизистонда савдо фаолияти учун патентлар ўз кучини тўхтатади. Шу билан бирга, Иқтисодиёт вазирлиги йиллик айланмаси саккиз миллион сўмдан кам бўлган тадбиркорлар назорат-касса машинасидан фойдаланиш шарти билан солиқ тўлашдан озод этилишига ойдинлик киритди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?