Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) депутатлари давлат байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқулладилар. Хусусан, қуёш нурларининг шакли янгича кўринишга эга бўлди – улар тўлқинсимон эмас, тўғри тус олди, деб хабар беради республика парламенти матбуот хизмати.
Тегишли овоз бериш 29 ноябрь куни бўлиб ўтди. 66 депутат ёқлаб, саккиз нафари қарши чиққан. Қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳаси юзасидан Жогорку Кенешда баҳс-мунозаралар юзага келган, айрим халқ вакиллари ҳатто мамлакат байроғини ўзгартириш мақсадга мувофиқлиги масаласини ҳам кўтарган. Лекин якунда ҳужжат кўпчилик овоз билан қабул қилинган.
Қонун лойиҳаси муаллифлари ўз ташаббуслари сабабларини шундай таърифлаган.
«Бугунги кунда Қирғизистон Республикаси байроғи ўртасида тундук (ўтов гумбази марказий қисми-тарж.изоҳи) бирлан бирга таралаётган қуёш нурлари турли талқинларда, масалан, кунгабоқар гули ёки ўтов пардаси каби визуал идрок этишда дилемма юзага келаётганлиги сабаб, байроқ тасвирининг маъносини ноаниқ талқин қилишни бартараф этиш чораларини кўриш зарур. Шу муносабат билан Қирғизистон Республикаси байроғидаги нурлар шаклини тўлқинсимондан қуёш нурларини яққол эслатувчи шаклга ўзгартириш таклиф қилинмоқда», — дейилади ҳужжатни асослаш гувоҳномасида.
Қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бири, депутат Улан Примовнинг қўшимча қилишича, давлат байроғининг янги дизайнини ишлаб чиқиш учун дастлабки босқичда байроқнинг эскизини яратган мутахассислар жалб қилинган. Унинг сўзларига кўра, мутахассислар математик ҳисоб-китобларни амалга ошириб, чизмаларини тузган. Халқ вакили ўз фикрини қўллаб-қувватлаш учун бошқа мамлакатлардан мисоллар келтиради. Қўшма Штатлар байроқни 26 марта, Испания саккиз марта, Россия бир марта ўзгартирган, дея таъкидлайди Примов.
Депутатнинг аниқлик киритишича, бу ислоҳот Қирғизистон давлат бюджетидан харажатларни талаб қилмайди.
Байроқни ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг яна бир муаллифи, парламент спикери Нурланбек Шакиев, ўз навбатида, ислоҳотлар муайян «ҳомийлар» томонидан молиялаштирилишини қўшимча қилган. Депутат уларни «ватанпарварлар» деб атаган, бироқ уларнинг исмларини ошкор қилмаган.
Байроқ ўзгаришига қарши чиққан Жўқорғи Кенеш вакили Мирлан Самикўжа қонун лойиҳасининг бунчалик тез муҳокама қилинишини ҳамкасбларидан ҳеч бири билмаганидан норози. Унинг сўзларига кўра, ғоя ташаббускорлари «бу масалани яширинча ва сунъий тарзда ўтказиб юборишган». Бундан ташқари, депутат давлат рамзларидаги бундай ўзгаришлар умумхалқ референдумида ҳал қилиниши кераклигини айтган.
Овоз бериш арафасида Дастан Бекешев ўзининг Facebook'ида (РФда экстремистик деб тан олинган Меtа корпорациясига тегишли ижтимоий тармоқ) «шошилинч» қарор қабул қилинишини танқид қилган.
«Кеча биз байроқни ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини рўйхатдан ўтказган эдик, бугун у Қўмита орқали кўтарилди ва эртага парламент бу масалани биринчи бўлиб кўриб чиқади. Тарих учун файлларни юклаб олинг. Улар график муҳаррирда эмас, балки қалам билан чизишган, лекин давлат рамзларини ўзгартириш вазифасини ўз зиммаларига олишган. Бекорчи мушук нима ҳам қиларди?» — деб ёзган депутат.
Байроқни ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси сентябрь ойида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Баҳслар натижасида элементларнинг дизайни бир неча бор, жумладан, мамлакат президенти Садир Жапаров иштирокида ўзгартирилган. Натижада, олдинги версиядан фарқли ўлароқ, ўтов гумбази кўринишини ўзгартириш ва қуёшдан таралаётган 40 та нурни тўғрилашга қарор қилинган.