Қозоғистон Россияни четлаб, Каспий орқали нефть ташиш учун иккита танкер сотиб олди

kmg.kz сайти фотосурати

Ақтау портида (Ғарбий Қозоғистондаги шаҳар) Қозоғистон нефтини Каспий денгизи орқали ташиш учун Taraz ва Liwa танкерларини тантанали қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «КазМунайГаза» (КМГ) матбуот хизмати хабар берди.

Ўтган ёзда Abu Dhabi Ports Group (ADP) билан ҳамкорлик доирасида дедвейти 8 минг тонна бўлган кемалар харид қилинган. Энди улар Caspian Integrated Maritime Solutions Ltd қўшма корхонасига тегишли бўлиб, унинг акциядорлари «Казмортрансфлот» (КМГ шўъба корхонаси) ва International Maritime Investments Ltd (ADP шўъба корхонаси) ҳисобланади.

Кемалар Голландиянинг Damen концерни кемасозлик заводида қурилган. Уларнинг узунлиги 140 м, кенглиги — 16,7 м, чўкмаси — 4,2 м, тезлиги — 10 тугун. Танкерлар барча халқаро хавфсизлик стандартлари ва атроф-муҳит талабларига жавоб беради. Уларни 2023 йил декабрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

«Янги танкерларни харид қилиш билан биз Транскаспий йўналишини ривожлантиришда муҳим қадам ташладик. Шу муносабат билан стратегик ҳамкоримиз ADPга қўшма лойиҳа муваффақиятли амалга оширилаётгани учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Янги танкерлар CIMS қўшма корхонамизнинг нефть паркини кенгайтиришга йўл очади, у ўз олдига хизматларини жаҳон логистика бозорига олиб чиқишдек улкан мақсадларни қўйган», — деди қабул қилиш маросимида «КазМунайГаз» раҳбари Мағзум Мирзагалиев.

«Имкон қадар кемалар сонини кўпайтирамиз, — деди ADP раиси Муҳаммад Жума Ал Шамиси. «Капитанлар ва муҳандислар ўртасида тажриба алмашиш бўйича Қозоғистон билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз».

Lada.kz хабарига кўра, ҳозирда ҳар бир кема экипажи 13 кишидан иборат. Бу ерда мутахассислар асосан Қозоғистондан ишлайди.

Охирги 20 йил давомида Қозоғистондан нефть етказиб бериш Россиянинг Новороссийск шаҳрига КҚК (Каспий қувурлари консорциуми) қувури орқали амалга оширилган. У орқали кунига ўртача 1,3-1,4 миллион баррел нефть ўтган. Бу ҳозирда Қозоғистон нефтининг асосий экспорт йўли ҳисобланади. Сўнгги пайтгача у носозликларсиз ишлаган, аммо сўнгги бир неча йил ичида тизим вақти-вақти билан турли хил ташқи омиллар, жумладан, 2021 йил август ойида нефтнинг тўкилмаслиги, КҚКнинг шикастланиши ва акваторияни текшириш туфайли насос чекловларига дуч келди. Бир кун олдин КҚК шиддатли бўрон туфайли Новороссийск яқинидаги денгиз терминалидан нефть ташишни тўхтатди.

Бир йил аввал Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев нефть етказиб беришни диверсификация қилишга чақирди ва 2023 йил март ойида Қозоғистон хомашёси йилига 1,5 миллион тонна ҳажмда Россия Федерациясини четлаб ўтиб, Актау-Боку-Тбилиси-Жайҳон йўналиши бўйлаб жўнатила бошланди. Қозоғистон ва Озарбайжон нефтни Ақтау-Боку денгиз йўли бўйлаб паритет асосда ташийди. Янги танкерлар Қозоғистон томонининг йилига 750 минг тонна нефтни ташиш бўйича мажбуриятларини тўлиқ қоплаши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ