Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг GSP+ имтиёзлар тизимидаги аъзолигини тўрт йилга узайтирди

Шарлотта Адриан нутқи. ЕИ Ўзбекистондаги ваколатхонаси Telegram-канали фотосурати

Европа Иттифоқи бенефициар мамлакатлар, жумладан Ўзбекистон учун Преференциялар бош тизими плюс (GSP+) ни кейинги тўрт йилга – 2027 йил 31 декабргача узайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда 23 ноябрь куни Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) ҳамда Европа Иттифоқининг республикадаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб хабар беради ИИСВ матбуот хизмати.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан GSP+ ушбу мамлакатда хусусий сектор ривожига катта туртки бериши, 448 миллионлик Европа бозорига чиқишни осонлаштириши, Европа ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида яқин ҳамкорликни рағбатлантириш ва чегараларда сезиларли даражада тежаш имконини беришини таъкидлади.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон GSP+ дастурига қўшилганидан сўнг унинг Европа Иттифоқига экспорти сезиларли даражада ошган.

«2019-2022 йиллар оралиғида Ўзбекистондан GSP доирасида Европа Иттифоқига импорт қилинадиган товарлар қиймати тўрт баравардан ортиқ ўсди ва 2022 йили 450 миллион евродан ошди (ҳар бир европалик истеъмолчи учун деярли бир евро). Ўзбекистондан GSP мезонларига жавоб берадиган товарлар экспорти 2019 йили 93 миллион еврони ташкил этган бўлса, 2022 йили бу кўрсаткич 450 миллионни ташкил этди. Буни муваффақият деб аташ мумкин, тўғрими?» — деди Адриан.

ЕИ элчисининг сўзларига кўра, 2022 йили GSP+ туфайли ўзбекистонлик экспортчилар импорт божлари бўйича 28 миллион еврони тежаб қолишган.

«Бу Европа Иттифоқининг Ўзбекистон хусусий секторини ривожлантиришга қўшган катта ҳиссасидир. 2019 ва 2022 йиллар оралиғида бу кўрсаткич ўн баравардан кўпроқ ўсди», —деб таъкидлади Адриан.

Сиёсий нуқтаи назардан, Европа Иттифоқи элчиси таъкидлашича, GSP+ Ўзбекистоннинг 27 халқаро конвенцияни амалга ошириш орқали меҳнат ва инсон ҳуқуқлари, самарали бошқарув ва атроф-муҳит соҳасидаги халқаро стандартларга риоя қилиш стратегиясига мос келади.

«GSP+ни кейинги тўрт йилга узайтирар эканмиз, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар бўйича биргаликда ишлаш учун ҳам кўпроқ вақтимиз бўлади. Европа Иттифоқи БМТнинг 27 та конвенциясини амалга оширишдаги тараққиётни кузатишда давом этади. Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги навбатдаги кузатувчилар миссияси катта эҳтимол билан келаси йили бўлиб ўтади», — деди Шарлотта Адриан.

ℹ️ GSP – ривожланаётган мамлакатларнинг экспорт даромадларини ошириш, саноатлаштириш ва иқтисодий ўсишни жадаллаштиришга кўмаклашишга қаратилган ягона мақсад ва тамойилларга асосланган миллий имтиёзли схемалар тизими. GSP ғояси ривожланган мамлакатлардан имтиёзлар бериш, жумладан, ривожланаётган мамлакатлардан ривожланган мамлакатлар бозорларига этказиб бериладиган товарларнинг айрим турлари бўйича тариф ставкаларини камайтириш ёки бекор қилишни назарда тутади.

GSP+ схемаси Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш учун қўшимча имкониятларни тақдим этади, чунки бундай мақомни олган мамлакат Европа бозорига 6000 дан ортиқ турдаги товарларни экспорт қилишда солиқ тўлашдан озод қилинади.

GSP+ схемасига қўшилиш орқали паст ва паст ўрта даромадли давлатлар инсон ва меҳнат ҳуқуқлари, атроф-муҳит ва иқлимни муҳофаза қилиш ҳамда самарали бошқарув бўйича 27 та асосий халқаро конвенцияни самарали амалга ошириш мажбуриятини оладилар. GSP регламенти GSP + олувчилари томонидан ўз мажбуриятларини бажарилиши устидан доимий мониторингни таъминлайди.

Шарлотта Адриан таъкидлаганидек, ҳозиргача дунёнинг фақат саккизта давлати бундай имтиёзли шартлардан фойдаланиш имконига эга ва Ўзбекистон GSP+ тизимига охирги бўлиб уланди. Бу 2021 йил апрель ойида содир бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ