Қизамиқ, қизилча ва паротитга қарши (ҚҚП) оммавий эмлаш учун 500 минг доза вакцина Олмаотага етиб келди, деб хабар қилди Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Республикада эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш учун шошилинч чора-тадбирлар кўрилган — бош давлат санитария шифокори эмлаш ҳолатидан қатъи назар, болалар учун қизамиқ, қизилча ва паротитга қарши қўшимча оммавий эмлашни ўтказиш тўғрисида қарор имзолаган. Ҳукумат ушбу мақсадлар учун жами 1,5 миллион дозадан ортиқ вакцина сотиб олган.
Гап «Serum Institute of India» томонидан ишлаб чиқарилган қизамиқ, қизилча ва паротитга қарши комбинацияланган дори ҳақида кетмоқда. Бу дунёдаги энг йирик вакцина ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Компания Ҳиндистоннинг Пуне шаҳрида жойлашган.
«Ушбу вакцина ишлаб чиқарилиши ЖССТнинг дастлабки квалификациясига эга, бу эса ишлаб чиқарилган вакциналарнинг сифати ва хавфсизлигини кафолатлайди. Қизамиқга қарши вакцина 60 йилдан бери қўлланиб келинмоқда ва касаллик ўчоқларининг тарқалишини тўхтатиш учун тавсия этилади», — дейилади хабарда.
Олмаотага етиб келган партия буюртма бўйича ҳудудлар ўртасида тақсимланади. 6 ойдан 11 ойгача бўлган болалар биринчи бўлиб эмланади. Декабрдан бошлаб 2 ёшдан 5 ёшгача бўлган болалар, эмлаш ҳолатидан қатъи назар, тиббиёт ходимлари (55 ёшгача), шунингдек, профилактик эмлашни ўтказиб юборган 18 ёшгача бўлган шахсларни қизамиқга қарши қўшимча эмлаш режалаштирилган.
Қозоғистонда қизамиқ билан касалланиш йил давомида аста-секин ўсиб бормоқда. Бугунги кунга қадар республикада 14 мингдан ортиқ касаллик қайд этилган бўлиб, уларнинг асосий қисмини болалар ташкил этади. Олмаота, Остона, Ақтўбе ва Чимкент шаҳарларида қизамиқ бўйича беқарор эпидемиологик вазият кузатилмоқда.