Қозоғистон Марказий банки рақамли тенгени расман ишга туширди

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистон молиячиларининг ХI Конгресси доирасида Қозоғистонда рақамли тенгени ишга тушириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради республика Марказий банки матбуот хизмати.

Регулятор иккинчи даражадаги банклар ва уларнинг мижозлари иштирокида мобил иловада ҳисоб очиш орқали валютадан фойдаланиши мумкин бўлган рақамли тенге платформасини синовдан ўтказди.

Бугун Миллий банк иштирокчи банкларнинг рақамли ҳисоблари фойдасига, сўнгра банклар мижозларининг рақамли ҳисоб рақамларига мазкур тенгенинг биринчи эмиссиясини амалга оширди. Рақамли тенгедан фойдаланган ҳолда биринчи реал чакана савдо ҳам амалга оширилди.

Маросимда Миллий тўлов корпорацияси раиси Бинур Жаленов маълум қилганидек, Қозоғистонда мавжуд тўлов карталарини рақамли тенге платформаси билан бирлаштирувчи технология қурилган. «Бу ApplePay, SamsungPay ва бошқа қурилмалардан фойдаланган ҳолда дунёнинг исталган нуқтасида рақамли тенгеда тўлов амалга ошириш имконини беради», — дея унинг сўзларини келтиради ТАСС.

Рақамли тенгени тўлиқ миқёсда жорий этиш 2025 йил охиригача режалаштирилган.

Қозоғистон Республикаси Миллий банки биринчи марта 2020 йил ноябрь ойида рақамли валютанинг ишга туширилишини эълон қилганди. Икки йил ўтгач, регулятор лойиҳанинг технологик платформасини синовдан ўтказган. Тажриба доирасида реал истеъмолчилар, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари молия бозори иштирокчиларининг аризаларидан фойдаланган ҳолда рақамли тенге билан 3500 дан ортиқ операцияларни амалга оширишга муваффақ бўлган. Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 60 фоиздан ортиғи рақамли тенгедан фойдаланишга тайёрлигини билдирган, деб хабар берганди Миллий банк раҳбари Ғалимжон Пирматов.

Informburo.kz аниқлик киритишича, рақамли тенге алоҳида электрон ҳамёнларда қайд этиладиган ва улар ўртасида ўтказиладиган ноёб рақамли кетма-кетликлар форматида чиқарилади. Рақамли пулларни жорий этишнинг афзалликлари қаторида экспертлар коррупцияга қарши курашнинг яна бир усули пайдо бўлганини, офлайн форматда нақд пулсиз тўловларни амалга ошириш имкониятини, шунингдек, воситачилар сонини камайтириш ҳисобига трансчегаравий тўловлар нархини тезлаштириш ва пасайтиришни келтирадилар.

Худди шундай валюта ҳозирда Россияда муомалага киритилмоқда. РБК хабар беришича, 15 август куни Россия Федерацияси ҳақиқий рақамли рубллар билан операцияларни синовдан ўтказишни бошлаган. Унда 14 та банк ва уларнинг чекланган мижозлари иштирок этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ