БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конференцияси иштирокчилари Самарқандда боғ барпо қилдилар

БЕЛКУРАКЛАР БИЛАН ЧАПДАН ЎНГГА : ИБРОҲИМ ТИАУ, ТАНЗИЛА НОРБОЕВА ВА АЗИЗ АБДУҲАКИМОВ. ЎЗБЕКИСТОН ЭКОЛОГИЯ ВАЗИРЛИГИ МАБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Самарқанд вилояти Самарқанд туманидаги Оҳалик қишлоғида БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси (CRIC-21) иштирокчилари томонидан яшил боғ барпо этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Уч гектар майдонда ташкил этилаётган «CRIC-21» боғида 1200 тупдан ортиқ садақайрағоч, япон сафораси, каталпа, шумтол сингари ўн турга яқин дарахт кўчатлари экилди. «Муҳими, бу кўчатларни суғориш тизими яратилган», — дейилади давлат ахборот агентлиги хабарида.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, БМТ Бош котиби ўринбосари, Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича конвенция ижрочи котиби Иброҳим Тиау ҳамда хорижий делегациялар вакиллари иштирок этган. Шундай қилиб, улар «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Ўзбекистон бўйлаб ўтказилаётган ободонлаштириш акциясига қўшилишган.

CRIC-21 сессияси Самарқанд шаҳрида 13-17 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Унинг ишида дунёнинг 196 давлатидан 500 га яқин делегатлар, жумладан, фуқаролик жамияти ва илмий доиралар вакиллари иштирок этмоқда, деб хабар қилди Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлиги матбуот хизмати. Иштирокчиларнинг вазифаси – Конвенциянинг стратегик мақсадларига эришишдаги тараққиётни таҳлил қилиш ва БМТнинг 2018-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясига мувофиқ ер деградациясининг олдини олиш бўйича глобал мақсадларга эришиш бўйича тавсиялар беришдан иборат.

«Дунё бўйлаб биз кузатаётган қурғоқчилик, ўрмон ёнғинлари ва жазирама иссиқлар бир-бири билан боғлиқ бўлган иқлим ва табиат инқирозларининг аломатларидир. 2015 йилдан бери тахминан 4 миллион кв. км соғлом ва унумдор ерлартахминан Ўрта Осиё ҳажмига тенг майдон йўқ бўлган. 2030 йилга бориб ердан фойдаланиш бўйича глобал мақсадларга эришиш учун ернинг янада деградациясини зудлик билан тўхтатишимиз ва камида 1 миллиард гектар майдонни тиклашимиз керак», — деди конференция очилишида Иброҳим Тиау.

Азиз Абдуҳакимов CRIC-21 Ўзбекистонда ўтказилиши бежиз эмаслигини таъкидлади.

«Бу ер деградациясининг барча салбий оқибатларини бошидан кечираётган энг заиф мамлакатлардан бирига мисол бўла олади: қурғоқчилик, қум ва чанг бўронлари кучайишидан тортиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлиги ва биохилма-хилликни йўқотишгача», — дея тушунтирди Ўзбекистон Экология вазирлиги раҳбари.

Вазирнинг таъкидлашича, «ўзбеклар асрлар давомида анъанавий равишда деҳқончилик билан шуғулланиб келган, шу боис ер тарихда энг муҳим тирикчилик манбаи сифатида кўрилган. Шу боис, бу муҳим тирикчиликни жиддий таҳдид остида кўриш хавотир уйғотади ва аниқ чора-тадбирлар кўриш зарурлигидан далолат беради»

ℹ️ БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси 1994 йил 17 июнда Парижда қабул қилинган ва 1996 йил 26 декабрда кучга кирган. Бу атроф-муҳит ва ривожланишни ердан барқарор фойдаланиш билан боғлайдиган ягона қонуний кучга эга халқаро шартномадир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 17 июнни Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни деб эълон қилган. Дунёнинг 196 та давлати Конвенция иштирокчиларидир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ