Қозоғистон Ғазо секторидан ўз фуқароларини эвакуация қилишни бошлади

un.org фотосурати

Қозоғистон Ғазо секторидан ўз фуқароларини эвакуация қилишни бошлади. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

44 кишидан иборат биринчи гуруҳ 13 ноябрга эвакуация қилиниши режалаштирилган. Унинг таркибига 40 нафар Қозоғистон фуқароси ва 4 нафар хорижлик ва уларнинг оила аъзолари киради. Эвакуация Ғазо сектори ва Миср ўртасида жойлашган «Рафаҳ» назорат пункти орқали амалга оширилади. Қозоғистонликлар назорат-ўтказиш пунктидан ўтиб, қуруқлик орқали Қоҳирага етказилади ва меҳмонхонага жойлаштирилади. Керакли ҳужжатлар текширилгандан сўнг улар Қозоғистонга жўнатилади.

Бугун Ғазо секторидан жами 594 киши эвакуация қилиниши режалаштирилган. Булар қозоғистонликлардан ташқари Марокаш, Иордания, Россия, Испания, Швеция, Перу, Нидерландия, Буюк Британия ва Швеция фуқароларидир.

Аввалроқ Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ғазо секторидан Қозоғистонга эвакуация қилинишини кутаётганларнинг умумий сони 161 нафарни ташкил этиши, улардан 76 нафари Қозоғистон фуқаролигига эга, қолганлари уларнинг қариндошлари эканини маълум қилганди. Бундан ташқари, уларнинг учдан бир қисми Ғазо секторини тарк этиш ҳуқуқига эга бўлган хорижликларнинг оила аъзоларига қўйиладиган талабларга тўғри келмайди. Шу сабабли баъзи қозоғистонликлар ҳарбий ҳаракатлар ҳудудини тарк этишдан бош тортишмоқда.

Бир кун аввал Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Мурат Нуртлеу Миср вакилларига республика фуқароларини Ғазо секторидан эвакуация қилишни таъминлаш илтимоси билан мурожаат қилган эди. Унинг сўзларига кўра, Остона қозоғистонликларнинг Ғазо сектори билан Миср чегарасини «Рафаҳ» назорат-ўтказиш пункти орқали кесиб ўтиши билан тезда ватанига қайтарилишини таъминлаш чораларини кўрган (бу ҳозирда мавжуд бўлган ягона ўтиш жойи, лекин у тинч аҳоли учун ёпиқ).

ℹ️ 7 октябрь куни Ҳамас жангарилари Исроил ҳудудига йирик ракеталар ҳужуми уюштирди ва Ғазо сектори билан чегарадош ҳудудларга бостириб кирди. Исроил оғир артиллерия ва ҳаво кучлари билан жавоб бериб, «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди ва анклавни қамал қилди.

Исроил расмийларига кўра, Хамас ҳужумида 1400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ фуқаро террорчилар томонидан гаровга олинган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил амалиёти бошланганидан буён анклавнинг 11 мингдан ортиқ аҳолиси, жумладан 4609 нафар бола ва 3100 нафардан ортиқ аёл ўлдирилган. Ярадорлар сони 26 минг кишидан ошган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ