Ўзбекистон мутахассислари Ҳайратон-Наибобод-Мозори Шариф темир йўли реконструкция қилиш ишларини амалга оширадилар. Икки давлат темир йўл бошқармалари ўртасида тегишли келишувларга эришилди, деб хабар беради «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати.
8 ноябрь куни Ҳайратон шаҳрида (Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилояти) «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Зуфар Нарзуллаев ва Афғонистон темир йўллари раҳбари Бахт-Раҳмон Шарафат ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувда темир йўл транспорти соҳасида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Темир йўлнинг Ҳайратон-Наибобод-Мозори Шариф участкасини реконструкция қилиш асосий мавзу бўлди.
Учрашувда томонлар Ҳайратон – Наибобод – Мозори Шариф участкасида «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси мутахассислари томонидан амалга ошириладиган қурилиш ишларини тезроқ бошлаш бўйича келишувга эришди.
«Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги темир йўл алоқаларини ривожлантириш учун янги истиқболларни очиб, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дейилади хабарда.
Томонлар темир йўл транспорти соҳасида ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантиришга умид билдирдилар. Бу ҳамкорлик минтақанинг транспорт инфратузилмасини яхшилашга, Афғонистон ва Ўзбекистонда савдо-иқтисодий соҳани ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга ёрдам беради.
ℹ️ Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўлининг умумий узунлиги 75 километрни ташкил қилади. У 2010 йили ўзбекистонлик мутахассислар томонидан қурилган. Қурилиш ишларига Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган 129 миллион доллар сарфланган. Мазкур линия Ўзбекистонда амалдаги техник стандартлар ва талабларга мувофиқ сигнализация, телекоммуникация ва электр таъминоти қурилмалари билан жиҳозланган.