Қирғизистон Конституциявий суди (МС) республиканинг вояга етган фуқароларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатни расмийлаштиришда отасининг ёки онасининг (матроним) исмини танлаши мумкинлигига оид қарорини бекор қилди. Илгари белгиланган нормани қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ҳужжат Конституциявий суд сайтида эълон қилинди.
Мутасаддиларнинг эслатишича, Конституциявий суднинг жорий йил 30 июндаги аввалги қарорида фақат фавқулодда ҳолатларда она исмини танлаш имконияти таклиф қилинган. Масалан, агар фуқаролар оилавий фожиаларни бошдан кечирган бўлса, психологик ёки жисмоний жароҳат олган ёки отанинг роли билан боғлиқ салбий тажрибаларни бошдан кечирган бўлса, эркак исмини ўзларининг тўлиқ исмининг элементи сифатида қабул қилолмасалар. Бундан ташқари, матронимни олиш ҳуқуқи 18 ёшга тўлган лаёқатли шахсларга берилган.
Таъкидланишича, эски қарор СССР пайтида шахсий маълумотларни (Ф.И.О) яратиш моделига асосланган. Конституциявий суд хатто миллий анъаналарга кўра – «уулу, қизи, тегин» ни кўрсатган ҳолда ном бериш тартибини ҳам кўриб чиқмаган.
«Аммо суднинг ушбу позицияси аҳолининг кўп қисми томонидан қирғиз ҳалқининг ахлоқий асослари, қадриятлари ва анъаналарига тажовуз қилувчи салбий ҳодиса сифатида қабул қилинганлиги сабаб, кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди», — дейилади ҳужжатда.
Шу боис 11 октабрь куни Конституциявий суд раиси Эмил Ўсқонбоев отасининг исми ва онасининг исмини танлаш имконияти ҳақидаги қарорни кўриб чиқиш жараёнини бошлади.
Ҳокимият томонидан тегишли ишлар амалга оширилиб, натижада 2023 йил 9 ноябрда аввалги қарор бекор қилинди. Қарорда қайд этилганидек, ушбу ўзгартиришлар якуний ҳисобланади ва шикоят қилиниши мумкин эмас.
Нормалар аллақачон кучга кирган, чунки янги қарор Конституциявий суднинг веб-сайтида ва «Қирғизистон Республикаси Конституциявий судининг ахборотномаси» да эълон қилинган.
ℹ️ Мамлакатда бир неча йиллардан буён матронимлар атрофида тортишувлар давом этмоқда. 2021 йили қирғизистонлик Олтин Капалова уч нафар фарзандининг отаси исмини она исмига ўзгартирган, шундан сўнг Давлат рўйхатга олиш хизмати унга қарши даъво аризаси берган. Ўша йилнинг август ойида Бишкек суди мансабдор шахсларнинг даъвосини қаноатлантириб, ота исмини ўзгартириш далолатномасини бекор қилган. Кейинчалик бу қарор барча ҳокимият органлари, жумладан, Конституциявий суд томонидан қўллаб-қувватланган.
Бироқ, бу йил ёзда Конституциявий суд ўз позициясини ўзгартириб, ҳукуматни вояга етган шахсларга ҳужжатларда отасининг исми ўрнига онаси исмини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи қонунчиликка ўзгартириш киритишга мажбур қилди.
Бу қарор кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Кўпгина сиёсатчилар ва дин пешволари бундай ҳаракатлар «миллат илдизини» йўқ қилиши мумкин деб ҳисоблаб, бунга қарши чиқдилар. Республика парламенти спикери ҳатто Конституциявий суднинг бутун таркибини тарқатиб юборишни таклиф қилди.
«Она исми берилиши»га руҳсатига қадар Конституциявий суднинг қарорлари шикоят қилиниши мумкин эмас эди. Бироқ, давом этаётган баҳс-мунозаралар фонида октябрь ойи бошида Қирғизистон президенти Садир Жапаров ушбу суд қарорларини қайта кўриб чиқишга рухсат берувчи қонунни имзолади.