9 ноябрь куни Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) XVI саммити бўлиб ўтди.
Саммитда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Хусрав Нозирий ва олти давлат президентлари: Ўзбекистондан Шавкат Мирзиёев, Озарбайжондан Илҳом Алиев, Эрондан Иброҳим Раиси, Қирғизистондан Садир Жапаров, Тожикистондан Имомали Раҳмон, Туркиядан Режеп Таййип Эрдўғон, Туркманистондан Сердар Бердимуҳамедов, Қозоғистон томонидан Бош вазир Алихон Смоилов (ушбу мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев шу куни Остонада россиялик ҳамкасби Владимир Путинни қабул қилди), Покистондан ҳукумат раҳбари Анвар ул-Ҳақ Какар иштирок этди.
«Кун тартибига мувофиқ, ИҲТ доирасида кўп қиррали ҳамкорлик истиқболлари ва уни янги босқичга олиб чиқиш муҳокама қилинди, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди», — дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.
Саммитда, жумладан, ИҲТ аъзо давлатлари 500 миллионга яқин аҳолига эга бўлган 8 миллион квадрат километр майдонни эгаллаши ва умумий ялпи ички маҳсулоти 2 триллион долларни ташкил этиши таъкидланди. 2022 йили ИҲТ мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 85 миллиард долларни ташкил этди, бу уларнинг умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизини ташкил этади. ИҲТга аъзо ўнта давлатдан еттитаси жаҳон океанига чиқиш имконига эга эмас.
Саммит иштирокчилари, хусусан, қуйидагилар зарурлигини таъкидладилар:
▶️ ҳудудий транзит, транспорт ва логистика салоҳиятини, шунингдек, трансчегаравий савдо ва кичик ва ўрта бизнес шерикликларини ривожлантириш;
▶️ «Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035» янги концептуал ҳужжатини ишлаб чиқиш. Ўзаро савдони рағбатлантириш, транспорт-коммуникация алоқаларини мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини кенгайтириш, энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, туризм ва маданий-гуманитар алмашинувлар соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш каби асосий йўналишларга эътибор қаратиш;
▶️ Савдони осонлаштириш тўғрисидаги битим қабул қилиш, унда товарлар ва хизматлар савдосини осонлаштириш, техник ва нотариф тўсиқларининг олдини олиш, божхона, фитосанитария ва ветеринария қоидаларини рақамлаштириш, электрон тижоратни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
XVI саммит раиси Шавкат Мирзиёев қуйидагиларни таклиф қилди:
👉 Тошкентда ИҲТ рақамли транспорт ва божхона идорасини очиш;
👉 Минтақалараро саноат кўргазмасини ташкил эти шва уни илк бор 2024 йили ўзбекистонда ўтказиш.
👉 Миллий энергетика стратегияларини уйғунлаштириш, ҳудудлараро энергия узатиш тармоқларини ривожлантириш ва «яшил» энергия технологияларини кенг жорий этиш учун ИҲТ Энергетика вазирлари кенгашини таъсис этиш.
👉 ИҲТ Котибияти ҳузурида аъзо мамлакатларнинг туризм маъмуриятлари ва етакчи экспертлардан иборат Туризм бўйича маслаҳат қўмитасини ташкил этиш ҳамда унинг илк учрашувини ташкилотнинг туризм пойтахти деб эълон қилинган Шаҳрисабз шаҳрида ўтказиш.
👉 афғон халқига кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами ҳажмини ошириш ва ушбу мамлакатда мавжуд ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жамоавий масъулият ва мақбул механизмлар асосида ҳал этиш.
Саммит якунлари бўйича Тошкент коммюникеси қабул қилинди. ИҲТга раислик Эронга ўтди ва навбатдаги саммитга Озарбайжон мезбонлик қилади.
ℹ️ ИҲТ минтақавий давлатлараро ташкилот бўлиб, 1985 йили Теҳронда (Эрон) ташкил этилган ва Измир шартномаси асосида фаолият юритади. Ҳозирда 10 та давлат – Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон ИҲТга аъзо.