Ўзбекистон маданий меросини ўрганишга бағишланган VII конгресс иштирокчилари Мирзиёевга мурожаатнома йўлладилар

Конгресс иштирокчилари. Ташкилотчилар фотосурати

Самарқандда «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгресси ўз ишини якунлади. Маросим доирасида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти аъзоларининг Республика Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаатномаси қабул қилинди.

Мурожаатнома декларация шаклида бўлиб, уни Жамият бошқаруви кенгаши аъзоси, Темурийлар уюшмаси президенти (Франция) Фредерик Брессан ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг VII Халқаро конгресси декларацияси:

«Биз, «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгресси иштирокчилари, Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) аъзолари – олимлар, маданият арбоблари, Ўзбекистон Республикасининг бой маданий меросига умумий манфаат ва меҳр-муҳаббат билан бирлашган турли мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва педагоглар, оммавий ахборот воситалари вакиллари.

Қадим Ўзбекистон заминининг ёрқин намояндалари илм-фан ва маданият, ижтимоий тафаккур ва санъат ривожига беқиёс ҳисса қўшганлар. Уларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаларининг аҳамияти ва кўламини аниқлаш Жаҳон жамияти томонидан олиб борилаётган ишларнинг асосий мақсади ҳисобланади. Ўзбекистон маданий меросини тиклаш ва оммалаштириш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳалар сиз амалга ошираётган серқирра ислоҳотлар, жумладан мамлакат очиқлиги ва шериклик муносабатларини ривожлантириш, фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш туфайли амалга оширилмоқда.

Мамлакат маданий меросини ўрганиш ва асраб-авайлаш давлатнинг барқарор ривожланиши, маърифатли келажак барпо этишда янги марраларни забт этишнинг гаровидир, деган позициянгизга қўшиламиз. Шу нуқтаи назардан, Конгресснинг лейтмотиви «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» мавзуси бўлиб қолаётгани бежиз эмас.

Бутунжаҳон жамияти фаолияти йилдан-йилга халқаро миқёсда шуҳрат қозонмоқда. Унинг кўлами ва чегараларини кенгайтириш орқали биз қадим Ўзбекистоннинг маданий меросини ўрганиш соҳасидаги илмий тадқиқотлар ривожини рағбатлантирамиз.

Ўзбекистоннинг бой маданий мероси мавзусига қайтадиган бўлсак, уни ўрганиш ва оммалаштиришнинг орқали ҳозирги дунёда жамиятни модернизациялаш, айниқса ёш авлод тарбияси масалаларида аҳамиятли ва долзарб эканини кўрсатишга интилмоқдамиз.

Бутунжаҳон жамиятининг кейинги йиллардаги фаолияти самараси «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумининг 70 жилдлиги, махсус ва оммабоп нашрлар, «Ўзбекистон меъморий эпиграфияси» туркумининг 16 жилдлиги, қадимий қўлёзма ёдгорликларнинг факсимилалари Ўзбекистон тарихидаги илк нашр этилиб, унда 50 дан ортиқ хорижий коллекцияларда сақланаётган Ўзбекистоннинг 100 дан ортиқ тарихий шахсларининг 200 дан ортиқ миниатюраларида тақдим этилган. Буларнинг барчаси Сизнинг бевосита ва шахсий эътиборингиз, мамлакат ҳукуматининг доимий ёрдами туфайли амалга оширилди.

Жаҳон жамиятининг VII конгресси иштирокчилари ташаббусларингиз асосида янги тадқиқот, нашриёт, мультимедиа ва оммалаштириш лойиҳаларини тақдим этдилар. Уларни ишлаб чиқиш ва тадбиқ этишда 40 мамлакатдан 300 дан ортиқ олим ва экспертлар иштирок этмоқда.

Жаҳон жамияти режаларига «Ўзбекистон тарихий шахслари шарқ миниатюраларида» лойиҳасини амалга ошириш, кўп тилли видеомаъруза яратиш, ҳужжатли ва илмий-оммабоп фильмлар тайёрлаш ва тақдим этиш, миллий ҳудудий музейлар коллекцияларини янада тадқиқ қилиш ва нашр этиш ва бошқа кўплаб ишларни амалга ошириш киради. Ўзбекистон архитектура ва археология ёдгорликларининг тўлиқ каталогларини нашр этиш жаҳон илм-фани учун долзарб, деб ҳисоблаймиз ва бу ерда давлат кўмагига умид қиламиз.

Маданий мерос — Янги Ўзбекистонни қуриш йўлида фаол фойдаланаётган энг муҳим бойликдир. Бу миллатнинг маданий кодини сақлаш ва авлоддан-авлодга етказишнинг калитидир.

Шу муносабат билан «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги китоб-альбомларнинг дастлабки 35 жилдлигини нашр этиш ва уларни халқ таълими тизими орқали мактаб кутубхоналари, коллеж ва лицейларда оммалаштириш бўйича мисли кўрилмаган ташаббусингиз учун миннатдорлик билдирамиз. Бу эзгу ишлар давом этади, деган умиддамиз.

Ҳурматли Шавкат Миромонович, Ўзбекистонда илм-фан равнақи учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган тинимсиз меҳнатингиз учун Сизга чуқур ҳурмат-эҳтиромимизни билдирамиз.

Жаҳон академик ҳамжамияти учун шундай муҳим форумлар, конгресслар ва кўргазмаларни ўтказиш имконига яратилгани учун сизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Шу кунларда қурилиши ташаббусингиз билан бошланган Самарқанднинг бетакрор сайёҳлик маркази ҳамда кўпчилигимизни қадим Самарқандга жалб этувчи «Абадий шаҳар» тарихий-этнографик боғи билан танишишдан барчамиз чексиз хурсандмиз.

Сизга сиҳат-саломатлик, обод Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва ривожлантириш йўлидаги фаолиятингизда янада муваффақиятлар тилаймиз!

Ўзбекистон Республикаси халқига фаровонлик ва тинчлик тилаймиз!»

ℹ️ Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан ERIELL нефть хизмати гуруҳи кўмагида ташкил этилган «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгресси 5-8 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳридаги Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуаси ҳудудида бўлиб ўтди. Конгрессда дунёнинг 40 та давлатидан 300 дан ортиқ дунёга машҳур экспертлар, жумладан 20 та илмий ташкилотлар директорлари ва 6 та Фанлар академиялари директорлари, шунингдек ТУРКСОЙ халқаро маданият ташкилоти вакиллари иштирок этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ