Рапид ва блиц бўйича 2023 йилги жаҳон чемпионати 26-30 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE) сайти хабарига кўра, турнир очиқ ва аёллар тоифаларида ўтказилади.
Ташкилот қадим ўзбек шаҳри нафақат Ипак йўлидаги муҳим макон, балки ушбу спорт тури тарихида ҳам катта ўрин тутганини таъкидлайди. Зеро, олимлар VI-VIII асрларга оид энг қадимги шахмат доналарини айнан Самарқандда 1977 йили топганлар.
«Шахматга бўлган фидойилик ва сармоя бизни ушбу нуфузли мусобақага мезбонлик қилишни Ўзбекистонга ишониб топширишимизга туртки бўлди», – деди ФИДE президенти Аркадий Дворкович.
Халқаро федерация ўзбекистонлик спортчиларнинг замонавий ютуқларини ҳам алоҳида таъкидлади: яқинда якунланган Grand Swiss турнирида Марказий Осиё республикасининг уч нафар вакили кучли йигирматаликка кирди. ФИДE Ўзбекистон терма жамоаси шахмат бўйича 2022 йилги Олимпиадада ғолиб чиққанини ва жамоалар ўртасидаги жаҳон чемпионатида фақат хитойликлардан ортда қолган ҳолда иккинчи ўринни эгаллаганини эслатди.
Бугунги кунда жаҳон рейтингининг кучли 100 талигидан тўрт нафар ўзбекистонлик, жумладан, 2021 йили 17 ёшида чемпионлик унвонини қўлга киритган сайёрамиз рапид чемпионатининг энг ёш ғолиби Нодирбек Абдусатторов ҳам бор.
Самарқандда тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионати юқори савияда ташкил этилишига функционерлар шубҳа қилмайди, зеро Ўзбекистонда шундай тажриба мавжуд. Гап аёллар номзодлари турнирининг 2022/23 йилги В гуруҳи баҳсларига мезбонлик қилган меҳмондўст яна бир қадимий шаҳар — Хива ҳақида кетмоқда.
Аркадий Дворкович, шунингдек Ўзбекистон 2026 йили Шахмат Олимпиадасига мезбонлик қилишини эслатди.