Қозоғистонда давлат хизматчилари ва полициячиларга казинога бормаслик буюрилди

Полициячининг казинога боргани ҳақида видеодан кадр

Қозоғистонда давлат хизматчилари, ҳарбий хизматчилар ва полициячиларга қимор ўйинхоналарига бормаслик ҳақида буйруқ берилди. Тегишли фармонни президент Қосим-Жомарт Тўқаев имзолади, деб ёзади Tengrinews.kz.

Ҳужжат билан Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучлари, бошқа қўшинлари ва ҳарбий тузилмаларининг ички хизмати уставига, давлат хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларига ўзгартиришлар киритилди. Ушбу учта ҳужжатда давлат хизматчилари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «қиморхоналарга ташриф буюришдан тийилишлари керак, хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳоллар бундан мустасно» деган қоида пайдо бўлди.

Фармон расмий эълон қилинган кундан бошлаб 10 календарь кун ўтгандан кейин кучга киради.

Тузатишларни тайёрлаш август ойида эълон қилинган. Улар обрў-эътибор хавфини камайтириш ва «давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг шаъни ва обрўсига путур етказадиган хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш»га мўлжалланган.

ТАСС хабарига кўра, 2022 йил кузида Олмаота вилояти прокуратураси текширув натижаларига кўра қимор ўйинларига 507 миллион тенге (тахминан 1,1 миллион доллар) сарфлаган 305 нафар давлат хизматчисини аниқлаган. Улар орасида Ички ишлар, Мудофаа, Молия вазирликлари, Олий суд ва вилоят мутасаддилари ҳам бор бўлган.

Республика Мудофаа вазирлиги июнь ойида қимор ўйинлари билан шуғулланган 63 нафар ҳарбий хизматчи аниқлангани ва улардан 11 нафари ишдан бўшатилгани, қолганлари эса интизомий жазога тортилгани ҳақида маълум қилган эди.

2018 йили Қозоғистонда юқори мартабали полициячининг қимор ўйинларига ташриф буюриши билан боғлиқ катта жанжаллардан бири авж олганди.

Ўшанда ижтимоий тармоқларда Минскдаги казинолардан бирида суратга олинган видео пайдо бўлди. Унда Атирау вилояти полиция бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган генерал-майор Аян Дуйсембаев тасвирланган. Видеода полициячи ва унинг атрофидагилар ўша куни 1,2 миллион доллар ютқазгани айтилади. Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, тўрт йил аввал мазкур воқеа текширилган, унда Атирау полицияси бошлиғи ўйинда иштирок этмагани, лекин дўстона компанияларда қатнашгани айтилган. Дуйсембаевнинг ўзи маст ҳолатда дўстини олиб кетиш учун казинога кирганини айтган. Полициячининг сўзларига кўра, дўсти кетишдан бош тортган ва Дуйсембаев унга икки марта пул тикиб қўйганидан кейингина казинони тарк этишга рози бўлган.

Кейинроқ яна бир шов-шувли видеонинг қаҳрамонига айланган Дуйсембаев ўз лавозимидан озод этилган. Бироқ орадан бир неча ой ўтиб, у Манғистау вилояти ҳокимининг маслаҳатчиси этиб тайинланган. Ҳозирда Аян Дуйсембаев Манғистау вилояти полиция бошқармасига раҳбарлик қилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ