Корфу оролидаги Осиё санъати музейи замонавий Ўзбекистон ҳудудида қадимда мавжуд бўлган Гандҳара давлати, шунингдек Бухородан олинган буюмлар ва санъат асарларининг ноёб коллекциясини тақдим этади. Бу ҳақда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти расмий сайти хабар берди.
Греция музейи директори Деспина Зерниоти «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгрессидаги маърузасида ноёб коллекция ҳақида гапирди.
Олиманинг сўзларига кўра, гап ўз ҳаёти давомида Яқин ва Ўрта Шарқ бўйлаб саёҳат қилган машҳур коллекциячи Янис Саркидакис томонидан музейга совға қилинган тўқимачилик ва заргарлик буюмлари ҳақида бормоқда. У Покистон, Афғонистон, Туркия бозорларидан буюмлар, Балужистон гиламлари, Бухоро ва Самарқанд сўзанаси, Лақай кашталарини харид қилган.
Музей директори ҳозирда музейда сақланаётган ва Бухоронинг ноёб буюмларини ўз ичига олган ўзбек тўқимачилик ва заргарлик буюмлари коллекцияси ҳақида маъруза қилди.
Конгресс давомида Бутунжаҳон жамияти мазкур тўпламнинг «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумининг навбатдаги жилдида чоп этилишини эълон қилди. Альбом Корфу оролидаги Осиё санъати коллекцияси билан бир қаторда Афинадаги Бенаки музейи коллекциясини ҳам ўз ичига олади.
ℹ️ Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан ERIELL нефть хизмати гуруҳи кўмагида ташкил этилган «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгресси 5-8 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳридаги Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуаси ҳудудида бўлиб ўтади. Конгрессда дунёнинг 40 та давлатидан 300 дан ортиқ дунёга машҳур экспертлар, жумладан 20 та илмий ташкилотлар директорлари ва 6 та Фанлар академиялари директорлари, шунингдек ТУРКСОЙ халқаро маданият ташкилоти вакиллари иштирок этади.