Олмаота полицияси биринчи синф ўқувчиси зўрланганига доир иш юзасидан экспертиза натижаларини эълон қилди

freepik.com сайти фотосурати

Она сўзларига кўра, Олмаотадаги халқаро мактабда зўравонликка учраган боланинг танасида суд томонидан тайинлаган экспертиза ҳеч қандай жароҳат топмаган. Бу ҳақда шаҳар полиция бошқармаси маълум қилди, дея хабар беради Tengrinews.kz.

«Суд-тиббиёт комиссияси экспертизаси тайинланди. Экспертиза натижаларига кўра, боланинг танасида ташқи ёки ички жароҳатлар аниқланмаган. Энди қўшимча текширув тайинланди. Шунингдек, геномик ДНК текшируви ҳам ўтказилди, унда бегона биоматериал мавжудлиги аниқланмади», — дейилади полиция хабарида.

Терговчилар мактабда ўрнатилган кузатув камераларидаги видеоёзувларни ҳам олиб, таҳлил қилишган. Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 121-моддаси 4-қисми («Зўрлаш») билан жиноят иши бўйича қўзғатилган тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Унинг бошқа тафсилотлари ошкор этилмайди.

Ўқувчининг онаси видеомурожаатида Нурсултон Назарбоев номидаги таълим жамғармаси филиали бўлмиш Олмаота халқаро мактабида ўғлининг зўрлангани ҳақида гапирган. Аёлнинг сўзларига кўра, 12 сентябрь куни ўғли дарсдан сўнг йиртиқ шими ва кийимида оппоқ доғлар билан уйга қайтган. Болани текширгандан сўнг, у полицияга қўнғироқ қилган ва ариза ёзган.

Октябрь ойи охирида журналист Михаил Козачковнинг Телеграм-каналида биринчи синф ўқувчиси онасининг навбатдаги видеомурожаати пайдо бўлди, унда она тергов жараёнидан норозилигини билдирган. Аёлнинг сўзларига кўра, мутахассислар боланинг танасидаги жароҳатларни «қуртлар ва ич қотиши натижасида юзага келган зарар» деб аташган. Унинг ўғли икки марта сўроққа чақирилган ва болани янада шикастлаши мумкин бўлган бошқа шунга ўхшаш процедурага кутмоқда.

Агар иш чўзилиб кетса, аёл халқаро экспертларга ёрдам сўраб мурожаат қилмоқчи.

Қозоқ мактабларида вақти-вақти билан болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ можаролар авж олади. Энг шов-шувли ҳолатлардан бири 2018 йили Абай қишлоғида содир бўлган, унда тўрт нафар ўрта мактаб ўқувчиси биринчи синф ўқувчисини бир неча бор уриб, зўрлашган. Бу иш президентгача етиб борган, болалар омбудсмани лавозимидан кетган, тўртта гумонланувчидан фақат биттасининг иши судда кўрилган. У етти йилга озодликдан маҳрум этилган. Маълумотларга кўра, ишда қолган айбланувчилар жиноят содир этилган вақтда 14 ёшга тўлмаган бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ