Самарқандда «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгресси очилди

Очилиш маросими. Ташкилотчилар фотосурати

Самарқанднинг Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуаси ҳудудида «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгрессининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдуҳолиқов, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Марказий Осиё ва Кавказ институти (АҚШ) раиси Фредерик Старр, IRCICA бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади ва бошқалар табрик сўзларини айтдилар.

Маърузачилар конгрессда иштирок этаётганлари учун меҳмонларга миннатдорчилик билдирдилар. Улар жаҳон илмий ҳамжамиятини бирлаштирган бундай форумларнинг аҳамияти ва зарурлигини таъкидладилар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳукуматининг маданий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва оммалаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишладилар.

Фредерик Старр меъморий ёдгорликларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва реставрация қилиш зарурлигини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти улкан эканини таъкидлади.

Иш куни дастури «Шарқ қўлёзма мероси дурдоналари Жаҳон жамияти лойиҳаларида», «Ўзбекистон археология ва меъморий ёдгорликлари: ўрганиш ва сақлаш масаласи» каби мавзуларда панел сессиялари билан давом этади. Шунингдек, ТУРКСОЙ томонидан ташкил этилган «Кино ва медиа олами: меросга янги назар» мавзусидаги панел сессияси муҳокама қилинади.

ℹ️ Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан ERIELL нефть хизмати гуруҳи кўмагида ташкил этилган «Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгресси 5-8 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳридаги Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуаси ҳудудида бўлиб ўтади. Конгрессда дунёнинг 40 та давлатидан 300 дан ортиқ дунёга машҳур экспертлар, жумладан 20 та илмий ташкилотлар директорлари ва 6 та Фанлар академиялари директорлари, шунингдек ТУРКСОЙ халқаро маданият ташкилоти вакиллари иштирок этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ