8-9 ноябрь кунлари Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн олтинчи саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
«Тадбирда Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркиянинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда», — дейилади хабарда.
Матбуот хизмати хабарига кўра, тадбир иштирокчилари «ИҲТ доирасида савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ушбу кўп томонлама тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалаларини» кўриб чиқадилар.
Ўзбекистон раҳбари саммит доирасида бир нечта икки томонлама учрашувлар ўтказиши кутилмоқда.
ИҲТнинг аввалги саммити 2021 йили Туркманистон пойтахти Ашхободда бўлиб ўтган эди. Натижада Ашхобод консенсуси имзоланган. Ҳужжатда, хусусан, ИҲТ минтақасида эркин савдо зонасини яратиш мажбурияти, транспорт ва чегарадан ўтиш тартиб-қоидаларини рақамлаштириш масаласининг долзарблиги, экологик ҳамкорликнинг аҳамияти, минтақавий электр энергияси бозорини яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлиги ҳақида сўз боради.
ℹ️ ИҲТ минтақавий давлатлараро иқтисодий тузилма бўлиб, унга Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон киради. Ташкилот 1985 йили Эрон, Покистон ва Туркия томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг доимий котибиятининг бош қароргоҳи Теҳронда жойлашган. Ўзбекистон 1992 йилдан буён ушбу ташкилотга аъзо.