4-11 ноябрь кунлари АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ҳиндистонга ташриф буюради.
Хабарда қайд этилишича, Лу «сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси доирасида «C5+1» форматидаги биринчи Президент саммити ва октабрь ойида бўлиб ўтган минтақавий ҳамкорлик бўйича «C5+1» вазирлар конференцияси доирасидаги ютқуларни давом эттириш учун АҚШ делегациясига раҳбарлик қилади».
Остонада АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Қозоғистон ҳукуматининг юқори мартабали мулозимлари билан учрашиши ва АҚШ ва Қозоғистон ўртасида кенгайтирилган стратегик ҳамкорлик бўйича мулоқотда (ESPD) иштирок этиши кутилмоқда.
«АҚШ ва Қозоғистон ўзаро манфаатли қатор масалаларни, жумладан сиёсий ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, иқтисодий шериклик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни муҳокама қилади», — дейилади расмий баёнотда.
Бундан ташқари, фуқаролик жамияти вакиллари билан аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш мақсадида учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
Кейин Лунинг Тошкентга бориши режалаштирилган – у АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотида Америка делегациясига бошчилик қилади. Лунинг Ўзбекистонда ҳам маҳаллий ҳуқуқ фаоллари билан учрашувлари режалаштирилган.
«Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам АҚШ делегацияси Қўшма Штатлар Қозоғистон ва Ўзбекистон суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигига қатъий содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди», — дейилади баёнотда.
ℹ️ «C5+1» – АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта давлати: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг минтақавий дипломатик платформаси. Бундай форматдаги илк учрашув 2015 йили Самарқандда бўлиб ўтган.
ℹ️ Дональд Лу Марказий Осиё мамлакатларига икки марта — 2022 йил май ва ноябрь ойларида ташриф буюрган. Ташрифлардан мақсад АҚШнинг маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш дастурларини тақдим этиш ва Қўшма Штатлар минтақадаги ҳар бир давлатнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаш бўлган.