Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқада бўлган собиқ амалдорлар уч йилга озодликдан маҳрум этилди

musavat.com сайти фотосурати

Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Хоразм вилоятидан икки нафар собиқ мансабдор шахснинг иши кўриб чиқилди ва аввали ҳар бирига тайинланган 1,5 йиллик озодликни чеклаш жазоси 3 йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирилди. Судланувчилар вояга етмаганлар билан жинсий алоқада бўлишга доир моддалар билан айбдор деб топилди, деб хабар беради Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.

Айбдорлар курсисида Айбек Машарипов ва Анвар Курязов ўтирди. Биринчиси аввал вилоят адлия бошқармаси бошлиғи, иккинчиси Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. Жабрланганлар орасида вояга етмаганлар ҳам бўлгани учун жараён ёпиқ эшиклар ортида ўтди.

Иш қуйидаги айбловлар бўйича кўриб чиқилди:

✔️ Республика Жиноят кодексининг эски таҳриридаги 128-модданинг 1-қисми («16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш»);

✔️ Жиноят кодексининг 128−1-моддаси 1-қисми («ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш»).

Қайд этилишича, 2022 йил сентябрида биринчи инстанция суди ҳам собиқ амалдорларни ушбу моддалар бўйича айбдор деб топган, бироқ кейинчалик улар озодликни чеклаб жазоси билан чекланиб қолишган.

Энди уларнинг ҳар бири уч йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Собиқ мансабдор шахслар суд залида қамоққа олиниб, илгари қўлланилган гаров тариқасидаги эҳтиёт чораси бекор қилинди.

Ўзбекистондаги таниқли журналист ва фемфаоли Ирина Матвиенко Хоразм иши бўйича жазони «кутилган» деб атади.

«Эсингизда бўлса, тергов худди шу моддалар бўйича ишни судга қайтарган эди, яъни қайта терговдан сўнг янги тафсилотлар аниқланмаган. Шунга кўра, суд жиноят содир этилган пайтда амалда бўлган ўша моддаларнинг матни асосида қарор чиқарган. Шундай қилиб, қонунга кўра, янги таҳрирда (ҳозир қаттиқроқ) ҳукм қилиб бўлмайди, жиноят содир бўлган пайтдаги версиядан фойдаланишга тўғри келади»,дея тушунтирди Матвиенко.

ℹ️ Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйида юз берган даҳшатли воқеа ҳақида Ўзбекистонда гендер зўравонлигига қарши Nemolchi.uz лойиҳаси туфайли март ойида маълум бўлганди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, қарийб бир йил давомида муассаса маъмуриятининг ташаббуси билан маҳаллий амалдорлар уч нафар вояга етмаган ўқувчини зўрлаб келишган.

Шунингдек, мазкур иш бўйича суд жараёни ўтган йил сентябрда якунлангани хабар қилинганди. Меҳрибонлик уйи раҳбари Юлдуз Худайбергенова одам савдоси, ўғирлик ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланиб, 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Собиқ амалдорлар Машарипов ва Курязов 1,5 йилга озодликни чеклаш жазосини олишган. Фақат жамоатчилик босими остида иш қайта кўриб чиқиш учун юборилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ