Қозоғистон Фаластинга 1 миллион доллар миқдорида гуманитар ёрдам жўнатади.Бу ҳақда 3 ноябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Х саммитида сўзга чиққан республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маълум қилди.
«Атрофимизда ҳозир қийин вазият юзага келмоқда. Шимолда Россия ва Украина ўртасида, Яқин Шарқда — Исроил ва Фаластин ўртасида можаро давом этмоқда. Афғонистонда беқарорлик ҳукм сурмоқда. Ғарбда ноқонуний миграция муаммоси тобора кучаймоқда.
Бугун Ғазо секторидаги тинч аҳоли, айниқса, болалар ва қариялар қарама-қаршилик қурбонига айланишмоқда. Асосий вазифа — уларнинг хавфсизлигини таъминлашдир. Шу муносабат билан мен Фаластин халқига бир миллион доллар миқдорида гуманитар ёрдам кўрсатишга қарор қилдим», — деди Тўқаев.
Президент «ўнлаб йиллар давомида ҳал этилмаган муҳим муаммоларни» зўравонлик ва террорчилик ҳаракатлари орқали ҳал қилишни мутлақо номақбул деб атади.
«Қозоғистон бундай усулларни кескин қоралайди. Вазиятнинг кучайиши жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шу муносабат билан биз ҳар қандай низоларни фақат тинч музокаралар ва дипломатик мулоқот орқали ҳал қилишга чақирамиз. Биз учун барча давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш, уларнинг ички ишларига аралашмаслик асосий устувор вазифалардир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини қатъий бажариш ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш муҳим», — деди Тўқаев.
Шу куни эрталаб ТДТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Мурат Нуртлеу Қозоғистон дипломатиясининг устувор вазифаси «Ғазо халқи учун гуманитар йўлакларни очиш» эканини айтди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Фаластин-Исроил қарама-қаршилиги мавзусига тўхталиб ўтди.
«Мазкур муаммонинг ягона ва энг адолатли ечими – низони «икки халқ учун икки давлат» тамойили асосида ҳал этишдир. Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларида белгиланганидек, мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга. Биз Ташкилотимиз доирасида бу борадаги якдил ва қатъий позициямизни бутун дунёга эълон қилишимиз зарур», — деди Ўзбекистон раҳбари.
У можаро томонларини жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга ва ўт очишни бас қилишга, гуманитар мақсадларда муросага келишга чақирди. Мирзиёев яқинда Ўзбекистон БМТнинг Яқин Шарқ агентлигига Ғазо сектори аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун молиявий ёрдам (1,5 миллион доллар) ажратганини эслатди.