Қирғизистонда 200 дан ортиқ давлат хизматчиси жиноий гуруҳларга алоқадорлиги ва коррупция учун ишдан олинади

Қамчибек Ташиев. Видеодан кадр

Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳлар (УЖГ) билан алоқадорлик, коррупция ва бошқа қонунбузарликлар учун 202 давлат хизматчиси ўз лавозимидан маҳрум бўлади. Бу ҳақда 2 ноябрь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев маълум қилди, деб ёзади Kloop.kg.

«Бугунги кунга қадар [божхона бошлиғининг собиқ ўринбосари] Райимбек Матраимовга алоқадор 92 нафар давлат хизматчиси ва [авторитет Қамчи 4 октабрь куни ўлдирилган] Кўлбаевга алоқадор 60 нафар ходимни аниқладик. Шунингдек, божхона хизматининг 50 нафар ходими аниқланди. Жами 202 нафар давлат хизматчиси жиноий гуруҳ ва уюшган жиноий гуруҳлар билан яқинлиги, шунингдек коррупцияга алоқадорлиги учун ишдан бўшатилади», — дея маълум қилди Ташиев ва шу йўл билан «давлат идораларида тозалаш» ўтказилишини қўшимча қилди.

МХДҚ раҳбарининг таъкидлашича, бундан буён Қирғизистонда уюшган жиноятчилик бўлмайди, «Кўлбаев мафияси ва Матраимов мафияси бўлмайди».

«Агар Райим Матраимов мамлакатимизда яшаса, кичкина Matiz машинасини ҳайдаши керак. Бундан буён унинг уруғ-аймоғи ҳам, жиноий йўл билан орттирилган бойликлари ҳам давлат ривожига тўсиқ бўлиб қолмаслиги ва ички вазиятга таъсир ўтказмаслиги керак», — деди Ташиев.

Унинг таъкидлашича, илгари кўплаб давлат хизматчилари, жумладан МХДҚ ходимлари жиноятчиларга «сотилган» ва уларга хизмат кўрсатган. Ташиев ўз қўл остидагилар фаолияти бевосита коррупция ва уюшган жиноий гуруҳларга қарши кураш билан боғлиқ бўлиши кераклигини айтди.

«Ҳар бир қишлоқ бошқармаси, бирон бир туманда уюшган жиноий гуруҳ аъзоси депутат бўлиши ёки давлат хизматида мансаб эгалламаслиги керак. Бизнинг тўғридан-тўғри масъулиятимиз ана шундай шахсларни аниқлаш ва уларни содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортишдан иборат», — деб таъкидлади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.

ℹ️ «Райим-миллион» лақабли Райимбек Матраимов 2015 йилдан 2017 йилгача Қирғизистон божхона хизмати раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган. Жами у божхона тузилмасида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу вақт ичида у хитойлик тадбиркор Хабибулла Абдуқодирнинг яширин клани билан биргаликда коррупция схемасини тузган. Божхона бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосарининг ЕОИИ мамлакатларига контрабандага алоқадорлиги аввалроқ журналистик текширувда маълум қилинган эди.

Қирғизистонда 2020 йил октабрь ойида ҳокимият алмашганидан сўнг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси божхонадаги коррупция бўйича тергов бошлади, зеро унга Матраимов ҳам алоқадор бўлган. 2021 йил февраль ойида собиқ амалдор «Коррупция» моддаси бўйича судланган эди. Матраимов тергов билан шартнома тузиб, давлатга 2 миллиард сўм (24 миллион доллар) тўлагани туфайли қамоқдан қутулиб қолган.

ℹ️ Қамчибек Кўлбаев Қирғизистондаги энг машҳур криминал босслардан бири эди. АҚШ разведка идоралари уни дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига ва Қўшма Штатлардаги мол-мулки мусодара қилиниши керак бўлган собиқ СССР мамлакатларининг 10 та йирик жиноят раҳбарлари қаторига киритган. Кўлбаевни ҳибсга олиш ёки унинг уюшган жиноий гуруҳининг «молиявий оқимини бузиш»га ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот эълон қилинган.

Кўлбаев 4 октабрь куни хавфсизлик кучларининг махсус амалиёти чоғида ўлдирилган. Эртаси куни МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев уюшган жиноий гуруҳ аъзоларини «кимки жамиятга қарши бош кўтармоқчи бўлса, қаттиқ жазоланишидан» огоҳлантирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ