Сурхондарёдаги археологик ёдгорликлар ҳудудида молхона ва ҳожатхона қурилган

Мутахассислар археологик ёдгорликка етказилган зарарни баҳолашмоқда. Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Бош прокуратураси Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда ўтказган рейд давомида Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги тўртта археологик ёдгорлик шикастланганини аниқлаган. Жумладан, улардан иккитаси ҳудудида молхона ва ҳожатхона қурилган, дея аниқлик киритади назорат идораси матбуот хизмати.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, натижада давлат муҳофазасига олинган объектлар ўрнида ноқонуний қурилишлар амалга оширилиши натижасида

тарихий обидаларга етти миллиард сўм (571 минг доллар) миқдорида зарар етказилган.

Жумладан:

👉 V–VIII асрларга оид «Ғўринтепа» ёдгорлигининг 200 м2 қисми бузилиб, уй-жойлар қуриб юборилиши оқибатида 4,7 млрд. сўмлик ($383,5 минг);

👉 V–VII асрларга оид «Тоштепа» ёдгорлигининг 56 м2 тупроқлари кесиб олиниб, молхона қурилганлиги оқибатида 1,2 млрд. сўмлик ($98 минг);

👉мил. авв. V–I асрларга оид «Таллаган тепа» ёдгорлигининг 40 м2 қисми кесиб олиниб, автомобиль йўли ўтказилиши оқибатида 888 млн. сўмлик ($72,5 минг);

👉 I–IV асрларга оид «Хушвақтепа» ёдгорлигининг 12 м2 қисми кесиб олиниб, ҳожатхона қурилганлиги оқибатида 266 млн. сўмлик ($22 мингга яқин) зарар келтирилган.

Бош прокуратура туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини қўшимча қилди.

Бундай ҳодиса Сурхондарё вилоятида биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Жорий йилнинг август ойида Шўрчи туманидаги археологик ёдгорликларга зарар етказилгани ҳақида хабар қилинган эди. Мансабдор шахслар ва қурувчиларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида етказилган жами зарар 3 миллиард сўмдан ортиқни (257 минг доллар) ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ