АҚШ Савдо вазирлиги Ўзбекистоннинг Mvizion компаниясига нисбатан экспорт чекловларини жорий қилди. Тегишли хабар Америка Федерал реестри томонидан эълон қилинди.
Ўзбекистон корхона ва ташкилотларининг ягона давлат реестрига кўра, Mvizion 2022 йил июнь ойида рўйхатга олинган. Игорь Иевлевга тегишли компаниянинг устав капитали 1 миллион сўм (81 доллар). Шунингдек, у компаниянинг раҳбари ҳам ҳисобланади.
Mvizion электрон ва телекоммуникация ускуналарини улгуржи етказиб бериш билан шуғулланади.
Ўзбекистон компаниясидан ташқари АҚШ Савдо вазирлиги Россиянинг 12 та тузилмасига нисбатан экспорт чекловларини жорий қилган.
Саноат ва хавфсизлик бюросига кўра, компаниялар «АҚШнинг миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсати манфаатларига зид» фаолият, яъни Россия армияси учун учувчисиз учиш аппаратларини сотиб олиш ва яратиш билан шуғулланган. Компаниялар махсус экспорт назорати рўйхатига (Entity List) киритилган.
Жумладан, Россиянинг дрон ишлаб чиқарувчи ZALA Aero компанияси санкциялар рўйхатига киритилган. У Калашников концернининг бир қисми бўлиб, Қўшма Штатлар унга қарши биринчи чекловларни 2015 йили жорий қилган.
Санкциялар ZALA Aero — «Аэроскан» МЧЖнинг асосий тузилмасига нисбатан ҳам қўлланилган. РБК таъкидлаганидек, ушбу компания бошқа нарсалар қаторида Россия Қуролли Кучлари учун «Ланцет» қуролларини (камикадзе дронлари) ишлаб чиқаради.
Санкциялар рўйхатига киритилиши аслида мазкур компанияларга экспорт назорати остида бўлган Америка товарлари ва технологияларини етказиб беришни тақиқлашни англатади. Чекловлар АҚШ технологиясидан фойдаланган ҳолда бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ҳам таъсир қилади.
ℹ️ 2022 йил июнь ойида АҚШ Саноат ва хавфсизлик бюроси Ўзбекистоннинг яна бир хусусий компанияси PROMCOMPLEKTLOGISTICни «Россия ҳарбий саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлагани» учун санкциялар рўйхатига киритган эди. Жорий йилнинг февраль ойи бошида АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистон резиденти Макс Пифлакс ва унинг ўғли Гилад Пифлаксга нисбатан санкциялар жорий қилган эди. Улар Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлаш учун санкциялардан қочган жисмоний шахслар ва компаниялар глобал тармоғининг бир қисми бўлганликда гумон қилинган.