Қозоғистон ҳарбийлари тинчликпарварлик миссияси билан Голан тепаликларига бориши мумкин. Бу ҳақда Мудофаа вазири Руслан Жақсилиқов парламент қуйи палатаси мажлиси чоғида маълум қилди, деб хабар беради «Время».
«Бизда келишувлар бор ва Қозоғистон Қуролли Кучлари ва давлатимиз олиб бораётган сиёсат шарафига маълум бир ваколатга эгамиз. Ҳозирда Голан тепаликларида тинчликпарварлик миссиясини ўтказиш масаласини кўриб чиқяпмиз», — деди вазир.
Шу билан бирга, у ҳозирча қозоқ тинчликпарвар кучларининг тўқнашув чизиғида бўлишига доир гап йўқлигини таъкидлади.
«Олдимизда ҳозирча бошқа саволлар йўқ. Биздан Ғазо сектори бўйича ёрдам сўралмаган», — деди у.
Шунингдек, Жақсилиқов Қозоғистоннинг тинчликпарварлик миссиялари фақат БМТ шафелигида амалга оширилаётганини ва агар керак бўлса, Қозоғистон ўз тинчликпарвар кучларини Ташкилотга керак бўлган жойга юборишга тайёрлигини қўшимча қилди.
Голан тепаликлари Сурия ва Исроил ўртасидаги баҳсли ҳудуд ҳисобланади. 1967 йилгача у Суриянинг бир қисми бўлган; Олти кунлик уруш пайтида Исроил қўшинлари бу ҳудудни эгаллаб олган; Қиёмат куни урушидан кейин (1973) томонлар сулҳ ва қўшинларни ажратиш тўғрисида битим тузганлар. 1974 йили Голан тепаликларида БМТ тинчликпарвар постлари пайдо бўлган. 1981 йили Кнессет (Исроил парламенти) ушбу ҳудудда яҳудий давлатининг суверенитетини бир томонлама эълон қилган қонунни қабул қилади. БМТ Исроилнинг Голан тепаликларидаги суверенитетини тан олмайди.
«Қозоғистон тинчликпарвар баталони» 2000 йили тузилган. 2003 йил август ойида 27 кишидан иборат «Казбат»нинг биринчи муҳандислик ва сапёр отряди Ироққа етиб келган. Беш йил давомида қозоқ тинчликпарвар кучлари 4 миллиондан ортиқ ўқ-дори ва портловчи мосламаларни зарарсизлантирган. Бу вақт давомида улар маҳаллий аҳолини ичимлик суви билан таъминлаганлар ва Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги сайтида кўрсатилганидек, муҳтожларга тиббий ёрдам кўрсатганлар.
2014 йилдан буён 60 нафарга яқин қозоғистонлик ҳарбий хизматчилар, жумладан, олти нафар аёл БМТнинг Кот-дъИвуар, Ғарбий Саҳро, Ливан, Марказий Африка Республикаси ва Малидаги миссияларида штаб офицерлари ва ҳарбий кузатувчилари сифатида қатнашган.
2018 йили БМТ мандати остида фаолият юритувчи биринчи қозоқ компанияси Ливанга жўнатилган. Беш йил давомида миллий тинчликни сақлаш контингенти шахсий таркибининг саккизта ротацияси (500 дан ортиқ ҳарбий хизматчилар) амалга оширилган.