Россиянинг FlySeeAgro компанияси Ўзбекистонда дронларни ишлаб чиқаришга 80 миллион доллар сармоя киритмоқчи. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
FlySeeAgro бош директори Василий Птицин ва «Навоий» эркин иқтисодий зонаси (ЭИЗ) дирекцияси раҳбари Ҳабиб Абдуллаев «Ўзбекистон Республикасида учувчисиз авиация тизимларини (УАТ) яратиш» беш йиллик инвестиция дастурини амалга ошириш бўйича меморандумни имзоладилар.
Дастурнинг устувор йўналишлари Ўзбекистоннинг турли қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун УАТни яратиш, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш, дронларни ташқи бозорларга, жумладан, Россияга экспорт қилишдан иборат.
«FlySeeAgro, шунингдек Ўзбекистонни Яқин Шарқдаги сармоявий бозорларга чиқиш учун трамплин сифатида кўрилмоқда», — дея изоҳ беради компания.
Томонлар лойиҳанинг йўл харитасини ишлаб чиқиш, инвестицияларни жалб қилиш ва ишлаб чиқариш масалаларига кўмаклашиш бўйича бош режани яратиш бўйича ишчи комиссия тузади.
Дастур Ўзбекистонда малакали кадрлар тайёрлаш, «Навоий» ЭИЗда тегишли завод ва лойиҳага жалб қилинган Ўзбекистон саноат корхоналарини бошқариш тизимини яратишни назарда тутади. Дастурда иштирок этиш учун Россиядан мутахассислар жалб қилинади.
ℹ️ FlySeeAgro энтомофаглар (йиртқич ҳашаротлар) ёрдамида ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш билан шуғулланади ва ўзини Россияда дронларни инсон фаолиятининг турли соҳаларига интеграция қилиш соҳасида етакчи компания ҳисобланади. FlySeeAgro дронлари турли қишлоқ хўжалиги вазифаларини бажаради – дала мониторинги ва таҳлилидан тортиб, ўта кам ҳажмли пуркагич ёрдамида ўсимлик касалликларига қарши курашиш ва фойдали энтомофаг тухумларини далаларга киритиш орқали зараркунандаларни йўқ қилишгача.
ℹ️ 2022 йил январь ойида Ўзбекистонда икки мақсадли Lochin дрон ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилиши хабар қилинган эди. Улар Мудофаа саноати давлат қўмитаси ҳузуридаги учувчисиз учиш аппаратлари илмий-ишлаб чиқариш маркази томонидан ишлаб чиқарилади. Lochin дронлари разведкада, зарбалар бериш, артиллерия отишмаларини назорат қилиш ва реал вақтда кузатув учун ишлатилиши мумкин. Улар, шунингдек нефть-газ секторида, ўрмон хўжалигида, темир йўл хўжалигида, геология, картография, топография эҳтиёжлари, ўсимликлар дефолиацияси ва бошқа соҳаларда қўлланилади.