Қозоқ журналистларига ҳужум уюштирганликда тахмин қилинган шахс ақлдан озган деб топилди

Олмаота полиция департаменти сайти фотосурати

Қозоғистон журналистларига бир қатор ҳужумлар уюштирганликда тахмин қилинган Аркадий Клебанов ақлдан озган деб топилиб, мажбурий даволанишга жўнатилди. Тегишли қарор Олмаота суди томонидан қабул қилинди.

Текширув давомида Клебановга нисбатан икки марта суд-психиатрия экспертизаси ўтказилган, бу эса гумонланувчининг сурункали руҳий касалликдан азият чекаётганини кўрсатган.

Шу асосда суд Клебанов ижтимоий хавфли қилмишларни содир этиш чоғида ақлдан озган ҳолатда бўлган, деган хулосага келган: у ўз қилмишининг ҳақиқий моҳиятини ва ижтимоий хавфлилигини англололмаган ва уларни бошқара олмаган.

Айбланувчи мажбурий даволаниш учун руҳий касалликлар шифохонасига юборилган.

Суд жабрланувчиларнинг фуқаролик даъволарини қисман қаноатлантирган. Судланувчининг қонуний вакилидан етказилган моддий зарар ва маънавий зарарни қоплаш учун 14 миллион тенгедан ортиқ (30 минг долларга яқин) ундирилган. Vlast.kz ёзганидек, аввалроқ суд Аркадий Клебановнинг аҳволидан келиб чиқиб, унинг қонуний вакили Марина Клебановани ушбу иш бўйича фуқаролик жавобгари сифатида тан олган.

Суд қарори ҳали қонуний кучга кирмаган.

Ўтган йилнинг кузидан буён Қозоғистон оммавий ахборот воситаларининг бир қанча таҳририятлари ва мустақил журналистлар ҳужумга учраган – уларга таҳдид хатлари юборилган, шахсий маълумотлари интернетда эълон қилинган, ўтган қишда журналист Динара Эгеубаеванинг машинаси ёқиб юборилган, унинг ўғлига тўппонча билан таҳдид қилинган. Ўша ойда журналист Вадим Борейконинг квартирасининг эшигига кўпиклар сепилган, кейинроқ у билан ишлайдиган операторнинг иккита машинаси портлатилган.

Март ойида полиция ҳужумларда гумонланувчиларни қўлга олган ва уларнинг ташкилотчиси олигарх Александр Клебановнинг жияни ва 2007 йили Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви Раҳат Алиев ва Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Алнур Мусаев томонидан амалга оширилиши режалаштирилган давлат тўнтариши ишида иштирок этган Сергей Маневичнинг ўғли Аркадий Клебанов эканлигини эълон қилинган. Ички ишлар вазирлиги Аркадий Клебанов ўз жиноятига иқрор бўлганини ва сўроқ пайтида мамлакатдаги бир қанча таниқли журналистларга нисбатан «шахсий мотивлари ва узоқ йиллик адовати» бўлганлиги сабаб, ҳужумларни ўзи уюштирганини тан олганини таъкидлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ