Ўзбекистон ҳукумати умумий қуввати 6 ГВт бўлган ГЭСлар қурилишини тезлаштиради

ЖОРИЙ ЙИЛИ ТЎПОЛОН ГЭСНИ МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИШ ЯКУНЛАНДИ, УНИНГ ҚУВВАТИ 30 ДАН 175 МВТГА ОШДИ. GIDROPROEKT.UZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

«Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятига дастлабки режада кўрсатилган 2030 йилни кутмасдан, қуввати 6 ГВт бўлган ГЭСларни қуриш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 октабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларга хорижий энергетика компанияларини жалб этиш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда ГЭСлардан олинадиган электр энергияси таннархи бошқа манбаларга нисбатан анча арзон экани, бу соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ўзбекистоннинг гидроэнергетика салоҳияти 8 ГВт деб баҳоланган, аммо атиги 2,2 ГВт фойдаланилмоқда.

Жорий йил охирига қадар мамлакатда 20 та, 2024 йили эса 38 та кичик ва микро ГЭС қуриш режалаштирилган. «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти умумий қуввати 197 МВт бўлган 7 та йирик гидроэлектр станциясини фойдаланишга топширмоқчи. Бунинг ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш 7 миллиард киловатт/соатга етказилади.

«Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, мутахассислар томонидан гидроэнергетикада қўшимча 1 минг Мегаваттлик захира аниқланган. Мисол учун, Норин дарёсига каскадлар қуриб, 230 Мегаваттлик қувватларни ишга тушириш ва Намангандаги 450 минг аҳолига етарли электр ишлаб чиқариш мумкин», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қайта тикланадиган энергия манбаларига (ТЭМ) келсак, келаси йили Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станцияларининг қуввати 3500 минг МВтга етказилади. Жорий йил охирига қадар Ўзбекистон 2100 МВт қувватга эга қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш ниятида.

Аввалроқ Ўзбекистон Хитой билан умумий қуввати 4,8 ГВт бўлган 4,4 миллиард долларлик 11 та қуёш ва шамол электр станциясини қуриш бўйича келишиб олган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ