Мирзиёев Ғазо секторига 1,5 млн доллар миқдорида ёрдам юборилишини маълум қилди ва томонларни муросага чақирди

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Яқин Шарқ агентлигига «Ғазо сектори аҳолисига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш» учун 1,5 миллион доллар юборади. Бу ҳақда 31 октабрь куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Давлат раҳбари Исроил армияси ва Хамас ҳаракати ўртасида давом этаётган қуролли тўқнашувлар гуманитар инқирозни чуқурлаштираётгани, тинч, бегуноҳ аҳоли орасида кўп сонли қурбонларга олиб келаётганини таъкидлади.

«Биз Фаластин ва Исроил томонидан қурбон бўлган барча инсонларнинг оилаларига чин дилдан таъзия ва ҳамдардлик изҳор этамиз … Биз Фаластин халқи билан бирдам эканимизни қатъий билдирамиз ва унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз», — деди Ўзбекистон президенти.

Мирзиёев зўравонликнинг янада кучайиши халқаро вазиятнинг кенг кўламли беқарорлашуви ва қуролли қарама-қаршиликка янги кучларнинг жалб этилишига олиб келишидан огоҳлантирди.

«Буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақаси билан чекланмай, узоқ ўлкаларга ҳам тарқалиб кетадиган, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам биз ҳар икки томонни зудлик билан гуманитар мақсадларда муросага келишга, жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, низони тинчлик йўли билан ҳал этишга чақирамиз», — деди Ўзбекистон президенти.

Мирзиёев Марказий Осиёда «асрлар давомида мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар ёнма-ён дўстлик ва ҳамжиҳатликда яшаб келганини» қайд этиб, Ўзбекистон фуқароларини турли иғволарга берилмасликка, ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка чақирди.

«Бизнинг энг катта кучимиз, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинч ва осойишта ҳаётимизни, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатлигимизни барчамиз биргаликда асрашимиз зарур», — деди давлат раҳбари.

ℹ️ Аввалроқ Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг Ғазо сектори тинч аҳолисини ҳимоя қилишга ва гуманитар ёрдам учун ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюциясини қўллаб-қувватлаган эди. Ҳужжат муаллифлари, шунингдек, Исроилнинг Фаластин фуқаролари, БМТ ходимлари, гуманитар ва тиббиёт ходимларини секторнинг барча ҳудудларидан Ғазонинг жанубий қисмига эвакуация қилиш ҳақидаги буйруғини бекор қилишга чақирган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон резолюцияга Бош Ассамблея «Ҳамаснинг 2023 йил 7 октабрдан буён Исроилда амалга оширган террорчилик ҳаракатларини, асирларни гаровга олганини қоралайди, асирларни гаровга олиш, талабларни сўзсиз рад этади ва қоралайди, гаровга олинганларнинг хавфсизлиги ва фаровонлиги ҳамда уларга халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ инсонпарвар муносабатда бўлиш ҳамда уларни ҳеч қандай шартларсиз зудлик билан озод қилишга чақиради» деган бандни қўшиш бўйича овоз беришда иштирок этмади. Мазкур тузатиш қабул қилиниши учун керакли миқдордаги овозларни ололмади. Уни фақат 88 давлат қўллаб-қувватлади, 22 давлат бетараф қолди, 53 та давлат унга қарши чиқди, жумладан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон.

ℹ️ 7 октябрь куни Ҳамас жангарилари Исроил ҳудудига йирик ракета ҳужумларини уюштиришди ва Ғазо сектори билан чегарадош ҳудудларга бостириб киришди. Исроил оғир артиллерия ва ҳаво кучлари билан жавоб бериб, «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди ва анклавни қамал қилди.

Исроил расмийларига кўра, Ҳамас ҳужумида 1400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, улар орасида 40 дан ортиқ давлат фуқаролари ҳам бор бўлган, 229 киши террорчилар томонидан гаровга олинган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 30 октябрдаги маълумотларига кўра, Исроилнинг жавоб ҳужумлари анклавнинг 8000 дан ортиқ аҳолиси ўлимига сабаб бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ