Қозоғистон ҳукумати Delta Bankнинг собиқ эгаси Нурлан Тлеубаевнинг активларини, жумладан чет элдагиларини ҳибсга олишга рухсат берди, деб хабар беради Қозоғистон Республикаси Молиявий мониторинг агентлиги (ММА) ўзининг Telegram-каналида.
Жумладан, Латвиядаги Вентспилс дон терминалининг 100 фоиз акцияларига ҳибсга олиш маъқулланган. ММА Латвия Республикаси билан ҳамкорлик доирасида тегишли халқаро тергов буйруғини юборди. ПРАЙМ агентлигининг эслатишича, ушбу дон терминали 2005 йили Россия, Қозоғистон ва Болтиқбўйидан жаҳон бозорига дон ва бошқа озиқ-овқат юкларини ташиш учун яратилган.
Тадбиркорнинг аниқланган ва ҳибсга олинган активлари қаторига қуйидагилар ҳам киради:
элита ресторан, тўрт хонали квартира, Прагадаги (Чехия республикаси) учта компаниянинг 100% улуши, шунингдек БААнинг Palm Jumeirah сида жойлашган деярли $5 миллион қийматидаги вилла.
Шу билан бирга, Тлеубаевга тегишли 5 та шакар заводи ва 58 та мулк объектлари муаммоли кредитлар жамғармасига ўтказилди, дея қўшимча қилади ММА.
Тадбиркорнинг мол-мулки Delta Bank АЖ иши доирасида ҳибсга олинган. Тергов натижасида аниқланишича, у 2012 йилдан 2017 йилгача очиқ-ойдин қайтариб олинмайдиган кредитлар бериш орқали банкдан маблағларни олиб қўйган. «Суд ҳукми билан Тлеубаев 10 йилга озодликдан маҳрум этилди», — дейилади матбуот хабарида. Ҳукм қачон ва ким томонидан чиқарилгани ҳақида хабар берилмаган. 2021 йили Тлеубаев аллақачон ўғирлик учун икки марта: 5,5 йил ва 9 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ишларнинг бирида айблов буғдой сотишдан тушган маблағларни ўғирлаш билан боғлиқ бўлса, бошқасида Жомарт Ертаев билан биргаликда Bank RBK, Евроосиё банки ва Qazaq Bankiдан маблағларни олиб қўйиш билан боғлиқ, деб ёзади Kursiv.kz.
Жиноий жавобгарликка тортилгунга қадар Нурлан Тлеубаев «Forbes» журнали талқинига кўра Қозоғистоннинг энг нуфузли ва энг бой бизнесменлари рўйхатига киритилган эди.
У «Алиби Ҳолдинг» қишлоқ хўжалиги корпорациясининг 87% акцияларига, «Дон суғурта компанияси» нинг 50% акцияларига, шунингдек, «Азов порт элеватор» (Россия) ва «Вентспилс дон терминали» (Латвия) корхоналарининг бош компанияси – «АПК-Инвест корпорацияси»га эгалик қилган. Тлеубаев Қозоғистон Миллий банкининг 2016 йил 27 декабрдаги қарори билан «Тўлов ва пул ўтказмалари бўйича шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажармагани учун» лицензиясидан маҳрум қилинган «Казинвестбанк»нинг йирик акциядорлари рўйхатига ҳам киритилган эди.