Тошкентда Ayol Yo’li фестивали бошланди

afisha.uz сайти фотосурати фрагменти

Ўтган дам олиш кунлари Тошкентда жамиятда аёллар ҳуқуқлари ва Ўзбекистонда гендер фаоллигига бағишланган Ayol Yo’li фестивали бошланди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.

Фестивал 28 октябрдан 3 декабргача давом этади. У бир қанча ташаббуслар, жумладан, зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳаси ва унинг ўзбек тилидаги версияси Sukut Saqlama, Ўзбекистонда ОИВ инфекцияси билан яшаётганларни бирлаштирган ва қўллаб-қувватловчи Ishonch va Hayot нодавлат ташкилоти, Ayt Community, Qizlar интернет ҳамжамиятлари томонидан ташкил этилган. Ташкилотчилар Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан қўллаб-қувватланди.

«Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва ўрнига бағишланган Ayol Yo'li фестивалини ўтказиш, фуқаролик жамияти фаолиятининг бу борадаги нуфузини ошириш мақсадида Ўзбекистонда хотин-қизлар ташаббуслари бирлашди. Ayol Yo'li фестивали биз учун кучларни бирлаштириш ва бир овоздан гапириш имкониятидир. Бунда 12 та тадбир, 6 ҳафта ичида, 8 та фуқаролик ташаббуси, 4 та шаҳар манзили жамланган», — дейилади Nemolchi.uz хабарида.

Кўпроқ одамлар иштирок этиши учун барча тадбирлар дам олиш кунларида ўтказилади. Дастурда меҳнат қонунчилиги, экология муаммолари, инклюзия, феминистик ғоялар ва ҳаракатларнинг санъатнинг турли кўринишлари ривожига таъсири бўйича интерактив маърузалар ва муҳокамалар, шунингдек, маҳорат дарслари ва фильмлар намойиши ўрин олган.

Жумладан:

👉 4 ноябрь куни соат 12:00 да Moc Hub ижодий майдонида ОИВга чалинган аёллар ҳақида фильм намойиши ва муҳокамаси бўлиб ўтади;

👉 5 ноябрь куни соат 18:30 да 139 Documentary Center галереясида режиссёр Аюб Шахобиддинов томонидан суратга олинган «Рангсиз орзулар» бадиий фильми ўзбек тилида намойиши ва муҳокамаси бўлиб ўтади. Фильм 17 йиллик қамоқ жазосини ўтаган аёлни жамият томонидан қабул қилиниши билан боғлиқ ижтимоий муаммоларни кўтаради;

👉 3 декабрь куни соат 14:00 да GrounZero Kitob Olami коворкинг майдонида «Аёллар ва ногиронлик» мавзусидаги оммавий нутқ режалаштирилган.

Фестивал тадбирларига кириш бепул, олдиндан рўйхатдан ўтиш талаб этилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ