Ўзбекистон фармацевтика агентлигига IТ-мутахассис раҳбарлик қилади

Абдулла Азизов. ОКМК матбуот хизмати фотосурати

Абдулла Азизов Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори этиб тайинланди, деб хабар беради ЎзА.

Азизов 42 ёшда, Тошкент вилоятида туғилган. 2004 йили Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг дипломини олган, кейин Данияга кетган. Бу ерда у Орхус техник коллежини IТ-дастурлаш мутахассислиги бўйича тамомлаган ва Орхус университетида молия ва халқаро бизнес бўйича магистрлик даражасини олган.

2006 йилдан 2019 йилгача Maersk A/S, DONG Energy A/S, Carlsberg A/S ва бошқа компанияларда молиявий ва бизнес лойиҳаларини автоматлаштириш соҳасида ишлаган. Сўнг Ўзбекистон расмийларининг таклифига биноан ватанига қайтиб, Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимини эгаллаган. Орадан бир йил ўтиб Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари этиб тайинланган, 2022 йилдан яқингача «Олмалиқ КМК» АЖ бошқаруви раисининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари (Сhief Digital Officer) лавозимида ишлаган.

ℹ️ Фармацевтика агентлиги раҳбари сифатида Азизов Улуғбек Эгамовнинг ўрнини эгаллади, у эса ўз навбатида Ҳиндистоннинг «Док-1 Макс» препарати оқибатида бир неча ўнлаб болаларнинг ўлими бўйича жиноий ишда айбланувчи Сардор Кариев истеъфога чиққанидан кейин ушбу лавозимни эгаллаганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ