Мирзиёев Ўзбекистонда электр энергияси савдоси бўйича ягона платформа яратиш бўйича топшириқ берди

minenergy.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мутасадди идоралар учун мамлакатда электр энергияси савдоси бўйича ягона платформа яратиш вазифасини қўйди. Тизим 2024 йил охиригача синовдан ўтказилиши ва ишга туширилиши керак, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент энергетика бозорини эркинлаштириш жараёнида электр энергиясини аҳолига республиканинг барча ҳудудларида 2035 йилга қадар бир хил нархда сотилиши талабига ҳамда тарифларни белгилашда ижтимоий ҳимоя принципига қатъий риоя этиш шартлигини таъкидлади.

Ресурслар савдосининг янги тизимини жорий этиш алоҳида тузилма – Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги томонидан амалга оширилиши режалаштирилган. Президент давлат ҳокимияти органлари учта таркибий қисмга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади:

👉 кадрлар тайёрлаш;

👉 тармоқнинг илм-фан билан узвийлигини таъминлаш;

👉 рақамлаштириш.

Шу боис агентликка билимли мутахассис ва хорижий консультантлар ишга олинади. Ходимлар Испания, Хитой, Туркия ва Германияга малака оширишга юборилади. Мамлакатда муҳандислар, диспетчерлар ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш курслари ташкил этилади.

Жорий йил сентябрь ойи охирида Мирзиёев «Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонини имзолади. Унга кўра, 2026 йилга бориб, электр энергияси талаб ва таклиф асосида шаклланадиган эркин, улгуржи бозор ишга тушади. Буни амалга ошириш учун қуйидагилар муҳим:

✅ норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш;

✅ бозор инфратузилмасини яратиш;

✅ энергетика тизимини энг қуйи бўғинига қадар рақамлаштириш;

✅ инсон омилисиз реал вақтда ишлайдиган ақлли бошқарув тизимини (SCADA) жорий.

Кўплаб давлатларда бу ислоҳотлар учун 15 йил вақт кетган. Мамлакатда буни уч босқичда, 2030 йилгача якунлаш режалаштирилган, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Энергетика вазирлиги президентга биринчи босқичда саноатни бошқариш тизими ўзгартирилгани ҳақида маълум қилди. Сўнгги йилларда 22 та электр станцияси, жумладан, илгари генерация бўлмаган вилоятларда янги станциялар ишга туширилди. Электр генерацияси тизимига илк бор хусусий капитал жалб қилинмоқда.

Ҳозирги кунда жами қувватлар 85 миллиард киловатт соатга етган. Келгуси йилларда яна 20 гигаваттлик қувватларни ишга тушириш мўлжалланган. Етти миллиард доллар хусусий сармоя эвазига 9 гигаватт қувват яратиш режалаштирилган.

Келгусида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларини қондириш учун электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 120 миллиард киловатт/соатга етказиш зарур.

Ҳисоб-китобларга кўра, янги станциялар қуриш ва тармоқларни модернизация қилиш учун тармоққа 52 миллиард долларлик сармоя жалб этилиши лозим.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ