Қозоғистон Миллий банки чет элликларга банк карталарини беришга доир талабларни кучайтирмоқчи

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистон Миллий банки хорижликларга тўлов карталарини беришга қўйиладиган талабларни кучайтирмоқчи. Тегишли қарор лойиҳаси «Очиқ норматив ҳуқуқий актлар» сайтида эълон қилинди.

Янги қоидаларга кўра, норезидентлар картани расмийлаштириш учун вақтинчалик ёки доимий яшашга рухсатномага эга бўлишлари керак бўлади.

«Қозоғистон Республикасида вақтинча бўлган ёки доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс учун тўлов картасини бериш улар томонидан «Аҳоли миграцияси тўғрисида»ги қонунга мувофиқ Қозоғистон Республикасида вақтинчалик ёки доимий яшаш рухсатномаси тақдим этилган ҳолдагина амалга оширилади», — дейилади ҳужжатда.

Унинг оммавий муҳокамаси 2023 йил 9 ноябргача давом этади.

Forbes.kz хабар беришича, регулятор янги талаб зарурлигини Қозоғистон норезидентлари томонидан ноқонуний операциялар, жумладан гиёҳванд моддалар савдоси ва қимор ўйинлари учун карталардан фойдаланиш хавфини минималлаштириш билан изоҳлаган.

Миллий банк, шунингдек янги қоидаларга кўра, тўлов картасини фақат шахсан иштирок этган ҳолда ва Қозоғистон ҳудудида бўлиш ҳақиқийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида олиш мумкинлигини тушунтиради. Бундай ҳужжатларга, хусусан меҳнат шартномаси, таълим шартномаси ёки яшаш учун рухсатнома киради.

Россия Федерацияси фуқаролари учун энди Қозоғистон банкида оддийгина карта очиш кифоя. Интернетда буни қандай қилиш бўйича кўплаб батафсил кўрсатмалар мавжуд. Қозоғистон банк карталаридан фойдаланган ҳолда, баъзи россияликлар санкциялар киритилгандан сўнг, Ғарб хизматлари учун тўлов чекловларини четлаб ўтишган.

Жорий йилнинг февраль ойида Қозоғистон ҳукумати хорижликлар учун республикада доимий яшаш учун рухсатнома олиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш қоидаларини кучайтирди. Улардан тегишли ариза топширилган куни камида 180 календар куни амал қиладиган чет эл паспортини тақдим этишлари талаб қилинган.

Январь ойида Қозоғистон ҳукумати иммигрантларнинг республикага кириши ва яшаши қоидаларини, шу жумладан Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) фуқаролари учун ҳам кучайтирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ