2024 йилдан бошлаб Ўзбекистонда фермерлар мустақил равишда кластер танлаш ва ортиқча ҳосилни эркин сотиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу масала ҳозир ҳукуматда муҳокама қилинмоқда, деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 октабрь куни Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда.
ℹ️ Қишлоқ хўжалигидаги кластер — бу тармоқнинг уруғлик ва кўчат тайёрлашдан тортиб етиштирилган маҳсулотни қайта ишлаш, сақлаш ва истеъмолчига етказишгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш циклини амалга оширувчи, бир нечта корхоналарни бирлаштирувчи иш шаклидир. Кластер фермер хўжаликлари ва ўрим-йиғим корхоналари, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи корхоналар ўртасида тузилган кафолатланган шартномалар асосида фаолият юритади.
2018 йили пахта соҳасини хусусийлаштириш бошланганидан буён фермерлар ўзларининг манфаатлари ҳисобга олинмаётганини, кластерлар етиштириш, етказиб бериш ва қайта ишлашнинг барча каналларини назорат қилаётганини, фермерларнинг эса уни кластерга сотишдан бошқа чораси йўқлигини аниқлашди.
2021 йилги пахта йиғим-терим мавсумида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми кузатувчилари 76 фермер билан суҳбат ўтказган ва уларнинг барчаси пахтани кимга топширишни танлай олмаслигини, бунинг натижасида улар нархлар ва шартнома шартлари бўйича савдолаша олмаслигини айтишган.
Бу йил Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пахта ҳосилининг мажбурий харид нархини белгиламаган.
«Ўзбекистонда кейинги йилларда пахтачилик босқичма-босқич бозор муносабатларига ўтди. Биз нархларни давлат томонидан тартибга солишдан воз кечдик ва энди уларни бозорнинг ўзи белгилайди: талаб, таклиф ва иштирокчиларнинг тахминлари. Экспортимизнинг рақобатбардошлигини таъминлаш учун жаҳон бозоридаги пахта нархи ҳам ҳисобга олинади», – деганди яқинда Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов.
Унинг тан олишича, баъзида фермерлар мажбурий харид нархини белгилаш талаби билан Қишлоқ хўжалиги вазирлигига мурожаат қилишади.
«Аммо биз компанияларни маълум бир нархда пахта сотиб олишга мажбурлашга ҳаққимиз йўқ: ҳамкорлик ўзаро манфаатли бўлиши керак – ҳеч ким зарар кўрмаслиги керак. Вазирлик ўз ваколатлари доирасида ёрдам беради: низолар бўйича воситачи вазифасини бажаради, нарх белгилаш бўйича маслаҳатлар беради, субсидиялар ва имтиёзлар механизмларини ишлаб чиқади ва амалга оширади», — дейди Воитов.
Ҳокимият позициясини таниқли иқтисодчи Юлий Юсупов танқид қилиб, бундай шароитда фермерларнинг аҳволи янада оғирлашганини таъкидлайди.
«Фермерлар маълум ерларда ва маълум миқдорда пахта етиштиришга мажбур эдилар, бундан кейин ҳам аҳвол шундай. Улар бутун пахта ҳосилини ўзлари бириктирилган маълум бир кластерга (крепостной сифатида) сотишлари керак бўлганидек, улар ҳам ҳосилни фақат шу кластерга сотишлари керак. Ва энди давлат фермерларнинг кластерга деярли тўлиқ боғлиқлигини янада оширдиди, энди кластер нархни белгилайди. Яъни, қарамлик 100% га айланди», — дея таъкидлайди иқтисодчи.
Унинг тушунтиришича, фермер ўзининг амалдаги эгасига шартлар қўя олмайди.
«Ҳақиқатан ҳам эркин бозор шароити бўлганида у пахтани бошқа харидорга сотарди ёки умуман ишлаб чиқармасди. Аммо бу ҳолатда у етиштирилган пахтани ташлаб ҳам кета олмайди, чунки режалаштирилган мажбуриятни бажармагани учун ер ундан тортиб олинади. Фермернинг ягона эркинлиги – ё кластер нархига рози бўлиш ёки пахтани текинга беришдир», — дейди Юлий Юсупов.
Шавкат Мирзиёев 25 октабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда қишлоқ хўжалигида ёндашувларни ўзгартириш зарурлигини таъкидлади. Президент Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари Азиз Воитов истеъфога чиққанини маълум қилди. Кейинроқ бу лавозимга 2022 йил декабридан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигини бошқариб келаётган Иброҳим Абдураҳмонов тайинлангани маълум бўлди.
Мирзиёев Қашқадарё вилояти ғалла ва пахта етиштириш бўйича республикада биринчи ўринда туришини таъкидлади. Шу билан бирга, йил сайин экинларни сув билан таъминлаш масаласи қийинлашиб бормоқда. 515 минг гектар майдоннинг атиги 16 фоизида сувни тежаш технологиялари жорий этилган. Шу боис вилоятга сув таъминоти муаммоси айниқса кескин бўлган Косон, Миришкор, Касби ва Нишон туманларидаги фермерлар эҳтиёжи учун 15 та лазерли текислаш техникаси етказиб берилади.
Маҳаллий ҳокимликларга суғориш каналларини бетонлаштириш, қўшимча насос ва ускуналар харид қилиш, Пахтаобод каналини модернизация қилиш, 100 минг гектар яйлов майдонини кўкаламзорлаштириш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Масъул мутасаддиларга 1,4 миллион гектар яйловнинг электрон харитасини яратиш, 100 минг кишини иш билан таъминлаш вазифалари топширилди.