Yandex Go хизмати Ўзбекистонда солиқ тўлаш учун юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтди. Бу ҳақда ТАСС агентлигига Yandex Go компаниясининг МДҲдаги раҳбари Кирилл Свинцов маълум қилди.
«Биз Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтдик ва 1 декабргача Yandex Go ахборот хизматини мамлакатда маҳаллийлаштиришимизни тасдиқлаймиз. Бу хизматнинг амалдаги солиқларни тўловчи маҳаллий компания томонидан кўрсатилишини англатади. Ҳозирда жараёнларни такомиллаштиряпмиз», — деди Свинцов.
Октябрь ойи бошида Ўзбекистон Солиқ қўмитаси 1 декабрдан республикада ушбу хизматни тўсиб қўйиш билан таҳдид қилиб, Yandex Goни мамлакатда солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтказишни талаб қилган эди. Бундан ташқари, компанияга хизматни солиқ органларининг ахборот тизими билан интеграциялашувини таъминлаш ва мижозларга автоматик тарзда шакллантириладиган фискал чекни тақдим этиш вазифаси юклатилди.
ℹ️Yandex Go Ўзбекистонда 2018 йилдан буён фаолият юритиб келади. Унинг ўз ҳайдовчилари ёки автомашиналари йўқ, хизмат маҳаллий ташувчилар билан ҳамкорлик қилади. Yandex Go республиканинг ўнта шаҳрида – Андижон, Бухоро, Қарши, Қўқон, Марғилон, Наманган, Нукус, Самарқанд, Тошкент ва Фарғонада мавжуд.