Қишлоқ хўжалиги вазири этиб 2022 йил декабридан буён Олий таълим, фан ва инновациялар вазири лавозимида ишлаб келган Иброҳим Абдураҳмонов тайинланди. Бу ҳақда мамлакат президенти матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда янги тайинлов ҳақида маълум қилган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбарининг ўзгариши сабаблари ҳақида маълумот берилмаган.
Аввалроқ ушбу лавозимни эгаллаб турган Азиз Воитов истеъфога чиққани маълум бўлганди. У бир йилдан сал кўпроқ қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган.
ℹ️ Иброхим Абдураҳмонов 48 ёшда, 1997 йили Тошкент давлат университетини, 2001 йили Техас қишлоқ хўжалиги ва механика университетини (АҚШ) тамомлаган. Узоқ вақт давомида Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтида турли лавозимларда ишлаган.
2012-2017 йиллари Ўзбекистон Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика марказига раҳбарлик қилган. 2017 йил 29 ноябрдан 2022 йил 30 декабргача Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири, сўнгра Олий таълим, фан ва инновациялар вазири этиб тайинланган. Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси.