Россия керак бўлса Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга ёрдам беради. Россиянинг Қозоғистондаги элчихонаси ижтимоий тармоқларда Республика куни муносабати билан эълон қилган табрикномасида шу ҳақда сўз юритилади.
«Россия учун Қозоғистон шунчаки қўшни давлат ва савдо-иқтисодий алоқалар иштирокчиси эмас. Россия унинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди ва керак бўлса, ҳимоя қилишга тайёр бўлган ишончли иттифоқчи ва интеграцион шерикдир», — дейилади табрик матнида.
Элчихона «Қозоғистон давлатининг илғор ривожланиши, иқтисодий кўрсаткичлар ўсиши, ташқи сиёсат ва бошқа кўплаб соҳалардаги муваффақиятлар»ни қайд этди. «Бу мамлакатларимизнинг стратегик шериклигининг муштарак манфаатларига жавоб беради ва кенгроқ маънода минтақа ва Евроосиё маконининг барқарорлигига катта ҳисса қўшади», — дея таъкидлаган дипломатик миссия биродар Қозоғистон халқига фаровонлик тилаб.
Бу россиялик дипломатларнинг ўз табрикларида Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлигини биринчи марта тилга олиши эмас. 2022 йил 16 декабрь – Қозоғистон Республикаси Мустақиллик куни – элчихона Москва ва Остона «суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш ва бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик асосида» ҳамкорликни мустаҳкамлаб бораётганини таъкидлаганди. «Ушбу тамойиллар бундан кейин ҳам Россия-Қозоғистон абадий дўстлиги ва иттифоқининг таянч устунлари бўлиб қолади», — дея таъкидлаганди Россия дипломатик миссияси.
Сўнгги йилларда бир қатор россиялик сиёсатшунослар ва депутатлар Қозоғистон ҳақида бир неча бор мунозарали баёнотлар билан чиқишганди, бу ҳар доим кенг резонансга, баъзан эса дипломатик жанжалларга сабаб бўлди. Гап, хусусан, Давлат Думаси депутати Вячеслав Никонов ҳақида кетмоқда, у 2020 йили «Қозоғистон ҳудуди Россиянинг буюк совғасидир» деб таъкидлаганди. Шунингдек, россиялик сиёсатшунос Дмитрий Дробницкийнинг 2022 йили «Россия учун кейинги муаммо (Украинадан кейин – таҳр. изоҳи) Қозоғистондир» деб айтган сўзларини эсга олиш керак. Кремль барча ҳолатларда бундай баёнотларни рад этиб, уларнинг Москванинг расмий позициясига алоқаси йўқлигини таъкидлаб келади.
2022 йил январидаги тартибсизликлар вақтида Россия КХШТ тинчликпарварлик амалиёти доирасида Қозоғистонга ҳаво-десант қўшинларини юборган эди. Россиялик ҳарбий хизматчилар республикага Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан келишганди, зеро президент Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатларни мамлакатдаги беқарорликка барҳам бериш учун чақирганди.