Ўзбекистон ҳукумати Қатарни Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар йўналиши бўйлаб Трансафғон темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга оширишга жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Матбуот хизмати хабар беришича, 23 октабрь куни Тошкентда Транспорт вазирлиги бошлиғи Илҳом Махкамов ва Қатар Транспорт вазири ўринбосари Ҳамид Исо Абдулла музокаралар ўтказган ва унда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
«Жумладан, Трансафғон темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга оширишда Қатар давлати иштирокини таъминлаш юзасидан фикр алмашилди. Йиғилишда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти вакиллари иштирокида мазкур лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди», — дейилади хабарда.
Таъкидлаш жоиз, Афғонистон орқали Марказий ва Жанубий Осиё темир йўл тармоқларини боғлайдиган темир йўл қурилиши Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташқи сиёсатдаги муҳим лойиҳалардан бири сифатида белгиланган. Трансафғон йўлининг узунлиги 760 км бўлиши, унинг бўйлаб электр тармоғи қурилиши, йўналиш бўйлаб 136 та кўприк ва бошқа шунга ўхшаш иншоотлар қурилиши, шунингдек учта туннел жиҳозланиши кутилмоқда. Лойиҳанинг амалга оширилиши товарларни Марказий Осиё, МДҲ ва Европага етказиб бериш муддатини сезиларли даражада қисқартиради. Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш 35 кун эмас, балки 3-5 кун давом этиши кутилмоқда, юкларни етказиб бериш нархи қарийб уч баробарга арзонлашиши мумкин. Прогнозларга кўра, ушбу йўналиш бўйлаб юк ташиш ҳажми 10 миллион тоннага етиши мумкин.
Ўтган июль ойида Қозоғистон Трансафғон йўлини қуришдан манфаатдор эканини маълум қилган эди. Жорий йилнинг август ойида Афғонистон ҳукумати Россияни ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этишга таклиф қилиб, лойиҳа доирасида техник масалаларни мувофиқлаштириш вақтини қисқартириш мақсадида Москва, Остона ва Тошкент билан биргаликда Кобулда офис очишни таклиф қилган эди.