Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ўз лавозимидан озод этилди, деб хабар бермоқда «Юксалиш» миллий ҳаракати ўзининг Telegram-каналида.
Амалдорнинг ишдан бўшатилиши сабаблари номаълум. Бироқ кеча, 24 октабрь куни у давлат раҳбарининг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Президент Шавкат Мирзиёевга ҳамроҳлик қилганди.
Воитов 2022 йил август ойида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари лавозимига тайинланган эди. Бунгача у Инвестициялар ва ташқи савдо (ИТСВ) вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган, ўшанда унинг раҳбари Сардор Умурзоқов бўлган, у ўша пайтда Бош вазир ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.
Умурзоқов Президент Администрацияси раҳбари лавозимидан четлаштирилгач, у билан бирга ишлаган кўплаб амалдорлар ҳам ўз лавозимидан айрилишди. Жумладан, унинг ИТСВдаги собиқ ёрдамчилари Олимхон Рустамов ва Ойбек Ҳамроев тегишли равишда Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликларига ўтказилди.
Воитов ишдан олинганидан сўнг ижтимоий тармоқларда бўшаган креслога 2016—2018 йиллари республика Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаган Тошкент вилояти раҳбари Зойир Мирзаев келиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқалди. Аммо вилоят ҳокимлиги бу тахминларни рад этиб, Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими сифатида қолаётганини айтди.
ℹ️ Азиз Воитов 1980 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент молия институти ва Давлат бошқаруви академияси қошидаги Олий бизнес мактаби битирувчиси. 2000-2017 йиллари Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банкида турли лавозимларда, 2017-2020 йиллари «Ўзсаноатқурилишбанк» бошқаруви раиси лавозимида ишлаган. 2020 йил март ойидан бошлаб Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажариб келган.