Самарқандда Марказий Осиё давлатлари вазирлари ва USAID раҳбари иштирокида «C5+1» форматида учрашув бўлиб ўтди

Саманта Пауэр ва Лазиз Қудратов. ИССВ матбуот хизмати фотосурати

24 октабрь куни Самарқанд шаҳрида «C5+1» минтақавий дипломатик платформаси – Марказий Осиёнинг бешта давлати ва АҚШ иштирокида минтақавий интеграция масалалари бўйича биринчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда ИССВ раҳбари Лазиз Қудратов, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги USAID маъмури Саманта Пауэр, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиев, Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Чингиз Мекешов, Тожикистон Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири ўринбосари Ахлиддин Нуриддинзода, Туркманистон савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири ўринбосари Керимберди Қурбонов ҳамда USAID Марказий Осиё давлатлари вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди.

Лазиз Қудратов йиғилиш иштирокчиларига қутлов сўзи билан мурожаат қилар экан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маҳсулотлар етказиб бериш занжири барқарорлигини таъминлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашишда минтақа мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, сўнгги бир неча йил ичида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада мустаҳкамланган, бунинг натижасида ижтимоий-иқтисодий соҳадаги кўрсаткичларнинг кескин ўсишига эришилган.

Жумладан, 2022 йили минтақа давлатларининг умумий ташқи савдо айланмаси 2017 йилга нисбатан қарийб икки бараварга ошиб, 220 миллиард долларни ташкил этган. Ўзаро инвестициялар ҳажми 5,6 баробар ошган. Марказий Осиё мамлакатлари ялпи ички маҳсулоти сўнгги беш йилда 40 фоизга ўсган ва 2022 йил охирига келиб 406 миллиард доллардан ошган.

Эришилган натижалар минтақа давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишнинг оралиқ босқичи, холос, деди Қудратов.

Саманта Пауэр вазирлар учрашуви эълон қилинган сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган саммитда президент Жо Байден АҚШнинг Марказий Осиё мамлакатларида суверенитет, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиқлаганини эслатди, деб ёзади «Газета.Uz».

«Мамлакатларингизнинг кўпи бу йўналишда муҳим қадамларни қўйди: инвестицияларни жалб қилиш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш, энергия ва сув ресурсларини тақсимлаш бўйича иш олиб бориш, фуқаролик жамияти ҳамкорлари билан ишлашнинг қадр-қимматини эътироф этиш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш ҳамда раҳбарларнинг ўз халқи олдида жавобгарлигини таъминлаш шулар жумласидан», — деди Пауэр.

Унинг қўшимча қилишича, бу қадамларнинг барчаси ҳар бир мамлакатда иш ҳақи, барқарорлик ва умумий фаровонликни ошириши мумкин.

«Ўтган ой БМТда президент Байден таъкидлаганидек, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ушбу мақсадга эришиш учун жуда муҳим бўлади — мамлакатларингизда иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун ҳам, барча фуқароларингиз инклюзив ўсишдан фойдаланишлари учун ҳам», — деди USAID раҳбари.

Вазирлар йиғилишида рақамли ва яшил иқтисодиётни ривожлантириш, бизнес юритиш учун инвестиция ва қулай муҳитни яхшилаш, меҳнат ресурсларини ривожлантириш, минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш бўйича ягона позицияларни ишлаб чиқишга бағишланган панел сессиялари ўтказилди.

Ҳудудлараро савдони кенгайтириш ва транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, энергия интеграциясини такомиллаштириш ва тоза энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали иқлим ўзгаришига қарши курашиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Учрашув якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди. Марказий Осиё давлатлари USAID билан божхона тартиб-қоидаларини декарбонизация ва рақамлаштириш бўйича ўзаро англашув меморандумларини имзолади.

Учрашув якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Саманта Пауэр Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш Вашингтон томонидан минтақа халқлари учун «янги умид ва имкониятлар олами» сифатида қарашини айтди.

USAID раҳбари 23 октабр куни Ўзбекистонга келди. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар «Ўзбекистон халқини қўллаб-қувватлаш учун» қўшимча 19 миллион доллар ажратади.

ℹ️ USAID агентлиги АҚШ ҳукумати томонидан 1961 йили Жон Кеннеди ташаббуси билан ташкил этилган. Ташкилотнинг мақсадлари демократия, иқтисодиёт ва соғлиқни сақлашни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашдир. Агентлик фавқулодда гуманитар ёрдам кўрсатади ва дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида можароларнинг олдини олишга ёрдам беради. USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони кўпайтириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидларни, жумладан, COVID-19 билан курашиш ва ҳукуматнинг салоҳиятини ошириш билан боғлиқ лойиҳаларда ҳамкорлик қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ